Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Газета.uz»га «Ўзтрансгаз» компанияси ишончли бошқарувга ўтказилиши мумкинлиги ҳақида пайдо бўлган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

«Бу [гап] қаердан? Ким шундай деди? „Ўзтрансгаз“ — акциядорлик жамияти. Мен бу ҳақда билмайман», — деди вазир.

Жўрабек Мирзамаҳмудов компаниянинг ишончли бошқарувга ўтказилишини инкор қила оласизми, деган саволга: «Мен буни эшитмадим», — деб қўшимча қилди.

«Ўзтрансгаз» матбуот хизмати изоҳ беришдан вақтинча бош тортди.

Битимлар

Яқинда молиячи Отабек Бакиров норасмий маълумотларга таяниб, «Ўзтрансгаз» акциялари ишончли бошқарувга ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

Компания томонидан 29 март куни эълон қилинган корпоратив маълумотларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» газни магистрал газ қувурлари орқали транзит қилиш ва ташиш бўйича ягона оператор ҳисобланган «Ўзтрансгаз»нинг 46,8 фоиз улушини 292,8 миллиард сўмга сотиб олган.

Битим биржадан ташқарида тузилган, акциялар номинал қийматда 1000 сўмдан сотилган. Уч кундан сўнг (1 апрель) «Ўзбекнефтгаз» Uz-Kor Gas Chemical ва KPMG Valuation and Consulting қўшма корхонаси билан «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг 1 та оддий акциясини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан қўшимча шартнома тузган.

3 апрель куни «Ўзбекнефтгаз» газни сотиш бўйича қарз шартномасини имзолади (қуйидаги битимлар билан ўзаро боғлиқ йирик битим: газ сотиш бўйича қарз келишуви доирасида газ қарзи бўйича бош келишув, қарзни бошқа шахсга ўтказиш ва қимматли қоғозларни топшириш бўйича шартнома).

Ушбу битим қиймати 10,02 триллион сўмни ташкил этади (компания соф активларининг 31 фоизи, умумийси — 32,2 триллион сўм). Отабек Бакировнинг фикрича, «Ўзбекнефтгаз» ушбу шартномага кўра, ушбу суммадаги қарзнинг сотиб олувчисига айланди.

«Демак, иқтисодий мазмуни йўқ ва энергетикадаги аввалги таркибий ислоҳотларга зид молиявий схемага кўра, «Ўзбекнефтгаз» (Uz-Kor Gas Chemical компаниясининг 50 фоизига эгалик қилади, «Ўзтрансгаз»нинг ундан 1 миллиард доллар қарзи бор — таҳр.) «Ўзтрансгаз»нинг қарзларидан воз кечмоқда ва унинг акциядорига айланмоқда. Бу ғалати битимдан Uz-Kor Gas Chemical қандай бенефит олаётганини қўшимча ҳужжатларсиз аниқлаб бўлмайди», — деди у.

3 апрель куни «Ўзбекнефтгаз» яна бир битим — 2012 йил 19 майдаги акциядорлик шартномасига қўшимча №7 битимни имзолади, бироқ унинг мазмуни ошкор этилмаган.

2023 йил сентябрида Ўзбекистон Жанубий Кореяга Қорақалпоғистондаги Сурғил конидан газ қазиб олувчи Uz-Kor Gas Chemical қўшма газ лойиҳаси бўйича тўланмаган 1 миллиард доллар қарзини қоплашга рози бўлганди.

«Ўзтрансгаз» компаниясининг (чет эл компанияларидан газни экспорт нархларида сотиб олиб, ички бозорга арзонлаштирилган нархларда сотувчи) ишлаб чиқарилган газ учун Uz-Kor Gas Chemical компанияси олдида 1 миллиард доллар қарзи йиғилиб қолган. Валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг долларга нисбатан расмий курси 2 баробарга қадрсизланган 2017 йилдан буён валюта тақчиллиги катта бўлишидан хавотирлар туфайли тўловлар амалга оширилмаган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил сентябрида «Газета.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистон ва Жанубий Корея «Ўзтрансгаз» қарзини тўлаш бўйича «муроса вариантини» топгани ҳақида хабар берганди.

«Биз Ўзбекистон, қўшма корхона ва кредиторлар учун мақбул бўлган ечим топдик… Тўғрисини айтганда, бу Ўзбекистоннинг қарзи эмас. Бу қарз компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар, бу ерда давлат [қарзни] қайта тузишга ёрдам бериш учун шунчаки жалб қилинган», — деди у.

Жўрабек Мирзамаҳмудов сўнгги тижорат келишувидан ҳали хабари йўқлигини, аммо қарз 3−5 йил ичида тўланишини кутаётганини айтганди.

Нархлардаги фарқ ҳақида

2022 йилда «Ўзтрансгаз» газни «Ўзбекнефтгаз»дан 250 сўмдан, хорижий компаниялар — «Лукойл» ва Uz-Kor Gas Chemical`дан 1100 сўмдан, Natural Gas-Stream`дан 550 сўмдан, импорт орқали эса 1320 сўмдан сотиб олган. Сўнг «Ўзтрансгаз» ушбу газни «Ҳудудгазтаъминот»га 340 сўм, магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчилар иссиқлик электр станцияларига 1000 сўм, бошқаларга эса 1150−1300 сўмдан сотган. Шу фарқ туфайли газ қувурлари оператори Uz-Kor Gas Chemical компаниясидан катта миқдорда қарз бўлиб қолган.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» ўз газини «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот»га 250 сўмдан, Uz-Kor Gas Chemical хорижий компаниясига эса 190 сўмдан сотган.

Отабек Бакировнинг фикрича, газнинг 2000 сўм деб эълон қилинган янги нархи ўтмишдаги айни шундай нархлар туфайли «шиширилган».

Германияда фаолият юритадиган ўзбекистонлик энергетика мутахассиси Равшан Хўжанов истеъмолчилар якуний нарх қандай шаклланаётгани ва давлат компаниялари энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қандай қўшимча тўловлар қўйишини кўришлари учун давлатни энергия ресурсларининг бутун таннарх занжирини ошкор қилишга чақирганди.

Uz-Kor лойиҳаси ҳақида

2008 йилнинг февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва Kor-Uz Gas Chemical Investment консорциуми томонидан Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш учун паритет асосда Uz-Kor Gas Chemical ҚК ташкил этилган. Корея компаниялари консорциумига ҳозир Кореянинг Kogas газ корпорацияси, кимёвий Lotte Chemical va GSE&R киради.

Қурилиши 2012 йилда бошланган газ-кимё мажмуасида ҳар йили 4,5 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, 4 миллиард куб метргача товар гази, 400 минг тонна турли зичликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тоннага яқин пиролиз бензини ишлаб чиқариш кўзда тутилган эди. Лойиҳанинг бош пудратчилари Кореянинг Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering компаниялари бўлган.

Умумий қиймати 4,16 миллиард доллар бўлган лойиҳа хорижий молия институтлари консорциумининг 2,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитлари, Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонаси таъсисчиларининг ўз маблағлари (1,41 миллиард доллар), шунингдек, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратган кредити (100 миллион доллар) ҳисобидан амалга оширилди.

Uz-Kor Gas Chemical компанияси ишлаётган конлардаги газ захиралари 109,6 млрд куб метрга баҳоланган («Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Лукойл» компанияларидан кейин учинчи ўринда).