UzAuto Motors санкциялар режимига амал қилиш доирасида Россияга автомобиллар экспортини тўхтатди, деб хабар берди Eurasianet нашри.

UzAuto Motors — General Motors (GM) гуруҳининг Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқаради. Бу машиналарда Жанубий Кореяда ишлаб чиқариладиган яримўтказгичлар ва микросхема қисмлари мавжуд бўлиб, Жанубий Корея Украинага ҳарбий бостириб киргани муносабати билан Россияга киритилган Ғарб санкцияларига қўшилган.

«Шундай қилиб, агар UzAuto Россия Федерациясига автомобиль жўнатишни давом этганида, унинг Андижон яқинидаги заводига бутловчи қисмлар етказиб бериш тўхтатилган бўларди. Сўнгги йилларда компания эҳтиёт қисмларни етказиб беришда қийинчиликларга дуч келди», — деб ёзади нашр.

Eurasianet GM’нинг Детройтдаги (АҚШ) бош қароргоҳи вакилига таяниб маълум қилишича, UzAuto Motors 9 мартдан бошлаб Chevrolet автомобилларини Россияга экспорт қилишни тўхтатган.

Шундан сўнг компания автомашиналар ёки эҳтиёт қисмларни ташиш учун Россия портларидан фойдаланишни тўхтатганини тасдиқлади, аммо барибир Россияга автомобилларни сотиш масаласини муҳокама қилишдан бош тортди, — деб ёзади нашр.

Компания вазият юзасидан «Газета.uz» сўровига изоҳ беришдан бош тортди.

2021 йилда чипларнинг глобал етишмаслиги ва логистика муаммолари туфайли автомобиль ишлаб чиқаришнинг қисқаришидан сўнг UzAuto Motors 2022 йилнинг январь-февраль ойларида автомобиль ишлаб чиқаришни 17,5 мингтага кўпайтириб, 39,9 мингтага етказди, дея хабар берганди Давлат статистика қўмитаси.

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистон 20,5 миллион долларлик автомобиль экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60,9 фоизга камдир.

Хориждан етказиб беришнинг камайиши президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан ҳам бўлиши мумкин. Давлат раҳбари февраль ойида бўлиб ўтган йиғилишда ички бозорга автомобиль етказиб беришдаги сусткашликка тўхталиб, 1 майгача автомобиль сотиб олишда навбатларни бартараф этиш бўйича топшириқ берган эди. Шунингдек, ички бозорга кўпроқ автомобиль етказиб бериш ва бутловчи қисмлар орқали йиллик экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берди.