Президент «Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб- қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2023 йил 1 апрелга қадар қуйидагиларга субсидиялар ажратилади:

  • маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга;
  • қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга.

Шунингдек, 1 апрелдан мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.

Қолаверса, ушбу санадан тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.

Икки ҳафта муддатда экспорт қилишда ташиш харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар рўйхатини тасдиқланади ва у Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона порталида (www.exportportali.uz) эълон қилинади. Бу борада тегишли топшириқ Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси Сардор Умурзаков зиммасига юклатилди.

Ҳукумат комиссиясига маҳаллий экспортчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини яна олти ойгача узайтириш ваколати ҳам берилди.

Бунда, ушбу кредитларни қайтариш муддатининг ўзгартирилиши Марказий банк томонидан кредит шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатида ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.

«Божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинмоқда.