Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оқолтин МФЙда фуқаролар, ички ишлар ходимлари ва маҳаллий фермер ўртасида зиддиятли вазият юз бергани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бу бўйича 3 апрель куни расмий муносабат билдириб, бу воқеа 31 март куни «Шомурод ота» фермер хўжалигида содир бўлганини маълум қилди. Таъкидланишича, «фермер хўжалиги раҳбари А.Д. ўзига тегишли бўлган 20 гектар ер майдонини шудгор қилмоқчи бўлганида, бир нечта фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилган». Натижада фермер ички ишлар органларига ҳолат бўйича хабар берган ва «ходимлар воқеа жойига етиб келиб, жамоат тартибини сақлаб, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган».

«Ҳолат юзасидан қаршилик кўрсатган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун Чироқчи тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Ички ишлар бошқармаси хабарида.

Оқолтин МФЙ аҳолисининг ушбу вазиятга изоҳи кеча ижтимоий тармоқда пайдо бўлди.

«Бу Бойбуванинг (фермер — таҳр.) Мамадали (бошқа бир фермер) билан 20 гектар ернинг устида ўзларининг шахсий зиддияти бор. Ўзларининг зиддияти бўлса, ўрталарида ҳал қилишлари керак. Бойбува буларга: „Чиқинглар, ерни сизларга бўлиб бераман“, — деб хабар берган. Булар шунинг учун „ҳайдатмаймиз“, деб келган», — деди оқсоқоллардан бири.

«Биз жанжал қиламиз, деб борганимиз йўқ. Фақат ер оламиз, ер ишлатамиз, деб боргандик. Палак экамиз, деҳқончилик қиламиз…» — деди можаро иштирокчиларидан бири бўлган аёл.

«Бу хотин-қизларнинг, қишлоқ аҳолисининг дарди — 50 сотихми, бир гектарданми бўлиб берса-да, булар ҳам деҳқончилик қилса, — деди яна бир оқсоқол.

Аҳолининг тушунтиришича, фуқаролар фермер билан юзага келган зиддиятли вазиятни видео тасвирга олишни бошлаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео вазият сўнггига яқин олинган. Унгача 3−4 та одамни ички ишлар бўлими ходимлари олиб кетиб бўлган.

«Ички ишлар бўлими ходимлари телефонимни ҳали қайтариб беришмади», — дейди жараённи тасвирга олган йигит. Улар «бермаймиз. Суд бўлади, суддан кейин оласан. У суд качон бўлади, билмаймиз», — дейишган унга ички ишлар ходимлари.

Аҳолининг таъкидлашича, улар ҳам ишлашни хоҳлайди. Бундан ташқари, ҳудуд ёшлари шу ерда ва Россияда ишсиз юрибди.

«Ерни аҳолига бўлиб беришини хоҳлаймиз. Бизлар ҳам тут экамиз, пилла етиштирамиз», — дейди аёллардан бири.

Яна бири эса «бизларнинг ниятимиз бир-бир гектардан ёшларга ер берсин, ўғилларимизни ишли қилсин», — дейди. «Россияда юрибди ҳаммаси — ишсиз», — дея қўшимча қилади яна бошқа аёл.

Маълумот учун, президентнинг «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022−2025 йилларда захирага қайтарилади.

Захирага қайтарилган ерлар сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилиши назарда тутилган.

Шунингдек, ижарага беришда деҳқончиликда яхши натижаларга эришган, мутахассисликка эга, «дафтар"ларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга устунлик берилиши белгилаб қўйилган.