Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейига кириш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» музейида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Шу муносабат билан 6 апрелдан 30 апрель кунига қадар ташриф буюрувчилар учун кириш вақтинчалик тўхтатилди.

Мазкур боғ 2018 йил ўзининг тарихий жойига қайтарилган генерал-майор Собир Рахимовга атаб қўйилган ҳайкал яқинида жойлашган.

Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан боғ қуриш ташаббусини 2018 йилнинг кузида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган эди.

«Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттириши, оталаримиз ва боболаримиз қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак», — дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

«Газета.uz» боғнинг очилиши учун кўрилаётган тайёргарлик ҳақида фоторепортаж тайёрлаган эди.