Жорий йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 133 минг нафар меҳнат муҳожири қайтган, улардан 50 минг нафари март ойида келган.

Январь-март ойларида жами 193 минг нафар меҳнат муҳожири мамлакатимизга қайтди, деди сешанба куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи ўринбосари Азизбек Юнусов.

У келтирган маълумотларга кўра, 2021 йилда мамлакатга 502 минг муҳожир қайтган, шундан 280 минг нафари Россиядан келган.

Агентлик Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ватанга қайтиш ниятлари ҳақида аноним сўров ўтказди. Унда 15 мингга яқин респондент иштирок этди. Сўровда қатнашганларнинг 15 фоизи ишини йўқотиб, ҳозирда Ўзбекистонга қайтаётгани, 25 фоизи қайтиш истагида бўлган рубль курсининг ўзгаргани, 24 фоизи ишлаётгани ва ўйлаб кўришини билдирган. Агар улар ишдан айрилса, қайтиб келишини маълум қилган. Қолган 36 фоизида меҳнат шартномаси бор ва қайтишни ўйламайман, деб жавоб беришган.

Азизбек Юнусов, шунингдек, маҳаллаларда уйма-уй юриш натижасида, 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатга қайтган 128 минг нафар фуқаронинг аҳволи ўрганилганини маълум қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Ахматов эса февраль-март ойларида мигрантлардан иш ҳақларини вақтида ололмаслик ҳақида келиб тушаётган мурожаатлар сони кескин ортганини маълум қилди.

«Масалан, ўтган икки ойда 2,2 мингдан ортиқ фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган бўлса, бунинг 1,3 мингдан ортиғи иш ҳақини вақтида ололмаслик билан боғлиқ мурожаатлар ҳисобланади. Илгари бу мазмундаги мурожаатлар 10−15 фоиз атрофида бўлган. Бироқ сўнгги ойда унинг даражаси кескин ошди», — дея таъкидлади Азим Ахматов.