Ўзбекистонда 12−15 апрель кунлари ёшлар учун молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

«Global Money Week-2022» доирасида Марказий банк томонидан тижорат банклари, суғурта ва тўлов ташкилотлари билан биргаликда бутун мамлакат бўйлаб молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Дарсларда қатнашувчиларга пул билан тўғри муносабатлар ҳақида билим ва кўникмалар берилиши айтилди.

Шунингдек, ушбу дарсларда юқори малакали мутахассислар сўзга чиқиб, молия оламидаги долзарб йўналишлар ҳақида гапириб беришади. Маҳорат дарслари ҳар бир вилоятнинг «Ёшлар марказ"ларида ўтказилади.

Маҳорат дарслари жадвали қуйидагича:

  • 12 апрель — Андижон, Навоий, Жиззах шаҳарлари;
  • ️13 апрель — Фарғона, Хоразм, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари;
  • ️14 апрель — Наманган, Гулистон, Қарши ва Нукус шаҳарлари;
  • ️15 апрель — Нурофшон, Термез ва Тошкент шаҳарлари.

Ҳудудлардаги ёшлар саройларининг манзилларини бу ердан топишингиз мумкин.

Маҳорат дарсларида мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар қатнашиши мумкин. Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, дарсларда иштирок этишни хоҳлаган бошқа ёшдаги аҳоли вакиллари ҳам истисно тариқасида қатнашиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Марказий банк Ўзбекистон миллий валютаси — сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилганди.