Тадбиркорнинг 15,5 минг долларини қўлга киритган Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги ушланди, дея хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, унга «Мевазор» МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар-жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилишган. Бунинг эвазига улар 2021 йил давомида фуқародан жами 15,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1000 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.