Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса рўй берди, дея хабар қилди kabar.kg нашри Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХХ) Чегара хизмати матбуот хизматига таяниб.

Дастлабки маълумотларга кўра, Жалолобод вилояти Ақси тумани Дейрес қишлоғида Қирғизистоннинг бир неча фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда отда юк олиб ўтмоқчи бўлган.

Улар Ўзбекистон ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 500 метр узоқликда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан аниқланган. Контрабандачилар ўзбек чегарачиларининг тўхташ ҳақидаги талабларига бўйсунмаган.

«Тинч аҳолини ҳибсга олиш вақтида жанжал келиб чиқди. Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида қурол ишлатган, натижада икки фуқаро ҳаёт учун хавфли ўқ жароҳатлари олган. Қолган жиноятчилар эса Қирғизистон ҳудудига қочишга муваффақ бўлган», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон чегарачиларининг маълум қилишича, Қирғизистон фуқаролари умумий қиймати 20 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган контрабанда юкини олиб ўтмоқчи бўлган.

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳалок бўлган фуқаролар Ўзбекистондан бўлган, бироқ 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Ўзбекистон паспортини ўзлари билан олиб юрган.

Кеча, соат 17.55 да ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун воқеа жойига борган Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаси чегара вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. «Чегара вакиллари воқеа юзасидан ҳар бир томон ўз текширувини ўтказишига келишиб олдилар», — дейилади баёнотда.