Душанба куни Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ва президентнинг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-4366-сон] қарори ижроси ўрганилди.

Натижада айрим вазирликлар ва идоралар томонидан ушбу ҳужжатлар талабларини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқланди.

Жумладан, қонуннинг 5-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар ижроси, бюджет маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари, оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилиши керак.

Бироқ, деярли барча вилоятлар ҳокимликлари (Жиззах вилоятидан ташқари) веб-сайтида долзарб бўлган очиқ маълумотлар ва жамоатчиликни алоҳида қизиқтирадиган мавзулар 1 ойдан 3 ойгача янгиланмаган.

Қонуннинг 13-моддасига кўра веб-сайтларда ахборотни янгилаб бориш даврийлиги ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Бироқ, ўндан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқ маълумотлар 10 кундан 1 ойгача кечиктириб эълон қилинмоқда.

Шунингдек, ўрганилган 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламаяпти. Жумладан, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Андижон, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Бухоро, Тошкент вилоятларининг айрим шаҳар ва туман ҳокимлиги сайтлари ана шундай аҳволда.

Президент қарорига мувофиқ, 280 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органларида биринчи марта ахборот хизмати ташкил этилди. 90 дан ортиқ ташкилотда ахборот хизматлари тегишли мақом ва шарт-шароитлари билан қайта ташкил қилинди.

Бироқ ҳалигача айрим вазирликлар ва идоралар давлат раҳбарининг қарори талабларини бажармай келмоқда. Мисол учун, 3 та республика ташкилотида ахборот хизмати раҳбари ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи мақомига эга эмас. 10 та вазирлик ва идорада матбуот котиби меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилмаган.

Қайд этилишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларида матбуот котиби лавозими вакант. Ҳудудларда ахборот хизматларига қўшимча штатлар ажратилмаганлиги сабабли ўтказилаётган тадбирлар, янгиликлар тезкорлик билан сифатли ёритилмаяпти.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига тизимда очиқлик сиёсати қониқарсизлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигига Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари ҳокимликларида ахборот хизмати фаолияти яхши ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.

«Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Бахромжон Ҳайдаров огоҳлантирилди», — дейилади хабарда.

Якунда барча вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига қонун ва қарор ижросига қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, амалга ошириш вазифаси қўйилди.