2 май куни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва China CAMC Engineering компанияси раиси Ван Бо ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Мулоқотда Азиз Абдуҳакимов меҳмонларга Ўзбекистонда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Хитой томони чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш саноатини ривожлантириш бўйича режалар потенциал ҳамкорлар ва инвесторлар учун аниқ белгилаб берилганини қайд этди.

Учрашувда Экология вазирлиги ва Хитойнинг China CAMC Engineering Co., Ltd компанияси ўртасида чиқиндиларни ёқиш электр станцияси лойиҳаси бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Учрашув якунида Ўзбекистондаги чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ўрганиш ва ташкил этиш ҳамда республика раҳбариятига тақдим этиш учун заводнинг дастлабки лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Хитойдан эксперт гуруҳини юбориш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, экотуризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларида янги канат йўлини қуриш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонларни ҳаво сифати мониторинги ва экологик қоидабузарликларга жавоб беришнинг онлайн тизими ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва ташиш ускуналарини кузатиш тизими билан таништириш мақсадида вазирликнинг Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказига ташриф уюштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чиқинди полигонларини инвестициялар киритишга жозибадор қилиш учун уларнинг буфер ҳудудларига махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этишни режалаштирган. Чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ҳамда органик усулда ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Ушбу янги тизим бўйича биринчи пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган эди.