Ўтган 3 ойда истеъмолчилар томонидан 25 млрд сўмдан ортиқ табиий газ ноқонуний фойдаланилган. Энергетика вазирлиги штабининг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича ўз таҳлилларида бу ҳақда сўз боради.

2022 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 765 та ҳолатда улуржи истеъмолчилар томонидан амалдаги қоидаларга риоя этмаган ҳолда 28 млн 398 минг куб метр ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний ва нооқилона фойдаланилган.

Бунинг натижасида, газ таъминоти корхоналари манфаатларига 25 млрд 831 млн сўм зарар етказилган. Ушбу миқдордаги табиий газ 4 млн хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи — Фарғона, Тошкент, Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятларида аниқланган.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган, дейилади хабарда.