Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг савдо баланси дефицити ўсиб бормоқда. Бу борада иқтисодчи мутахассисларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган қизғин баҳс-мунозаралари ҳам мазкур муаммонинг нафақат қисқа муддатда, балки ўрта ва, айниқса, узоқ муддатда мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда нақадар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда товар ва хизматлар экспорти ҳажми 17,0 млрд долларни, импорт ҳажми 26,6 млрд долларни ва ташқи савдо салбий сальдоси 9,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда мазкур кўрсаткичлар мос равишда 16,4 млрд доллар, 27,8 млрд доллар ва 11,4 млрд долларни ташкил этди. Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 69,2 млрд долларни ташкил этувчи мамлакат учун товар ва хизматлар балансидаги 11,4 млрд доллар миқдоридаги дефицит — бу сезиларли даражада йирик миқдор эканлигини инкор этиб бўлмайди.

Товар ва хизматлар балансида бундай салбий ва доимий равишда ўсиб борувчи дефицитнинг мавжуд бўлиши яхшими ёки ёмон? Бу саволга, дефицитнинг пайдо бўлиши ва ўсишининг асосий сабаблари, шунингдек, товар ва хизматлар балансини қоплаш манбаларини таҳлил қилмасдан туриб, аниқ жавоб беришнинг имкони йўқ.

Ўзбекистоннинг 2020−2021 йиллардаги тўлов баланси бўйича таҳлиллар шуни кўрсатадики, товар ва хизматлар балансидаги дефицитнинг асосий қисми мамлакатдан ташқарида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳисобидан қопланади. Умуман олганда, 2021 йилда тўлов баланси жорий ҳисобининг «омилли даромадлар» моддаси бўйича ижобий сальдоси 6,6 млрд долларни ташкил этган.

Агар мамлакатнинг товар ва хизматлар балансида айнан шу миқдордаги дефицит юзага келган бўлганида, бу макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишга ҳеч қандай таҳдид солмаган бўларди. Таъкидлаш жоизки, бу фараз фақатгина ушбу даромадларнинг пасайишига олиб келиши мумкин бўлган хатарлар мавжуд бўлмаган шароитда амал қилади. Бироқ, бундай хатарлар мавжуд, ҳатто товарлар экспорти билан боғлиқ хавфлар ҳам мавжуд. Масалан, экспорт қилинадиган товарларнинг жаҳон бозоридаги нархлари тушиши ёки товарларимизни импорт қилувчи мамлакатларда даромадлар даражасининг пасайиши натижасида экспортдан олинадиган даромад камайиши мумкин. Бу, шунингдек, экспортимиз ҳажмини ҳам қисқартиради.

Бироқ 2021 йилда Ўзбекистонда товар ва хизматлар баланси дефицити миқдори омил даромадлари балансидаги профицитдан 4,8 млрд долларга (11,4−6,6 млрд доллар) ошиб кетган.

Бу дефицитнинг асосий келиб чиқиш сабаби ва қоплаш манбаи нимадан иборат?

Назарий жиҳатдан, тўлов балансининг жорий операциялари дефицитини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими, портфел инвестициялари, халқаро кредитлар ва олтин-валюта захираларининг камайиши ҳисобидан молиялаштириш мумкин.

Албатта, юзага келган ташқи савдо баланси дефицити иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими билан боғлиқ бўлса, бу ташқи қарздорликнинг ошишига олиб келмайди. Қолаверса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар замонавий технологиялар, менежмент, трансмиллий корпорацияларнинг савдо каналларига йўл очади, дунёга машҳур брендлардан фойдаланиш ва бошқа шу каби имкониятларни тақдим этади.

Шу нуқтаи назардан мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кириб келиши билан боғлиқ бўлган ташқи савдо дефицити таҳдид эмас, балки макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг ижобий омили ҳисобланади. Фақатгина хориж капитали иштирокидаги корхоналар томонидан ички бозорнинг монополлаштирилиши ҳолатлари бундан мустасно. Бундай ҳолда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими иқтисодиётни таркибий қайта қуриш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилаётгандек тасаввур уйғотса-да, умумий ҳолда аҳоли турмуш фаровонлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ички бозорни монополлаштириши мамлакатда қарор қабул қилувчи ҳукумат томонидан олиб борилаётган самарасиз сиёсатнинг тўғридан-тўғри оқибати ҳисобланади ҳамда давлат мансабдор шахсларининг лаёқатсизлиги ва коррупцияга мойиллигидан далолат беради.

Ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ муаммо

Мамлакатнинг тўлов балансига оид маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўсганлигига қарамай, ташқи савдо баланси дефицитини қоплашнинг асосий манбаи меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан бир қаторда, мамлакат ташқи қарздорлигининг ошишига олиб келувчи ташқи қарзлар (халқаро кредитлар ва портфел инвестициялари) ҳисобланади.

Савдо баланси дефицитини ташқи қарздорлик ҳисобидан молиялаштириш ва ташқи қарздорлик ўсишининг ўзи иқтисодий сиёсат сифатини тавсифламайди, макроиқтисодий мувозанатнинг бузилиши ва иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келмайди. Ташқи қарз ўсиб бораётган бўлсаю, бироқ, бир вақтнинг ўзида, жалб қилинган кредитлардан самарали фойдаланилса, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб борса ҳамда бу ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ўсишнинг жадаллашувида намоён бўлса, у ҳолда ташқи қарзларнинг ўсиши халқ учун манфаатли бўлади.

Бироқ, халқаро кредитлардан самарасиз фойдаланилган ҳолатда ташқи қарздорликнинг ўсиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, жалб қилинган халқаро кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 34,17 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич 39,56 млрд долларга етган. Кўриб турганимиздек, 2021 йилда ташқи қарз ҳажман 5,39 млрд долларга ошган.

Хусусан, давлат ташқи қарзи ҳажми 2,37 млрд долларга кўпайиб, 23,73 млрд долларга етган бўлса, хусусий сектор томонидан жалб қилинган ташқи қарз ҳажми 3,02 млрд долларга ортиб, 15,83 млрд долларни ташкил этган.

Бундан келиб чиқадики, 2022 йилда умумий ташқи қарзнинг 60% қисми давлат улушига, 40% қисми хусусий секторга тўғри келади. Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда жалб қилинган ташқи қарзларнинг 44% қисми давлат, 56% қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келган эди.

Давлат нима сабабдан четдан кредит олади? Одатда, бу давлат бюджети дефицити мавжудлиги билан боғлиқ. Агар давлат бюджети дефицити мавжуд бўлмаганида, халқаро кредитлар ва портфел инвестициялари кўринишидаги ташқи молиялаштиришни жалб қилишга зарурат туғилмаган бўларди. Бинобарин, мамлакат ташқи савдо дефицитининг ўсиши асосан давлат бюджети дефицити билан боғлиқ бўлиб, 2021 йилда унинг ташқи савдо баланси дефицитига қўшган «ҳиссаси» 2,37 млрд долларни ташкил этган.

Маълумки, давлат — энг самарали хўжалик юритувчиси эмас ва унинг ташқи қарзлардан самарасиз фойдаланиш эҳтимоли жуда юқори. Ташқи қарзларнинг салмоқли қисми (жами қарзларнинг 60% и ва 2021 йилда жалб қилинган қарздорликнинг 44% и) давлат ҳиссасига тўғри келиши ва келгусида улар давлат бюджетидан фоиз ва дивиденд тўловлари билан биргаликда қайтарилиши лозимлигини инобатга олинса, давлат томонидан жалб қилинган ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади ва мазкур масалалар иқтисодий сиёсатнинг диққат марказида бўлиши лозим.

Ушбу молиявий ресурслар инсон капитали сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа шу каби кўринишларда мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиши фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Ва шу орқали узоқ муддатли истиқболда ташқи қарздорлик ҳисобига олинадиган фойда унинг харажатларидан ортиқроқ бўлиши ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Хусусий сектор ҳақида гап кетса, 2022 йил 1 январь ҳолатига умумий ташқи қарзнинг 40% қисми ва 2021 йилдаги ташқи қарздорлик ўсишининг 56 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Ўз навбатида, хусусий секторнинг ташқи қарзларни жалб қилиш (тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ҳисобга олмаганда) орқали мамлакат ташқи савдо баланси дефицитига қўшган «ҳиссаси» 2021 йилда 3,02 млрд долларни ташкил этган.

Маълумот учун: Ташқи савдо баланси дефицити, юқорида айтиб ўтилганидек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими, жорий ва капитал трансфертлари, олтин-валюта захираларининг камайиши ҳисобидан юзага келиши ҳам мумкин. Бироқ биз ҳозир фақат ташқи қарзнинг ташқи савдо баланси дефицитидаги «ҳиссасини» таҳлил қилаётганлигимизни инобатга олиб, тўлов балансининг бошқа элементларининг таъсири кўриб чиқилмаяпти.

Айни пайтда, банк секторининг ташқи қарз ҳажми ўтган йили 1,06 млрд долларга кўпайиб, 7,34 млрд долларни ташкил этган, нефт-газ ва энергетика соҳасида — 0,61 млрд доллар (5,05 млрд доллар), тоғ-кон-металлургия саноатида — 0,66 млрд долларга (0,99 млрд доллар) ташқи қарздорлик ўсиши кузатилган.

Давлат сектори ташқи бозордан қарз олишининг сабаби давлат бюджети дефицити бўлса, хусусий сектор ташқи бозордан қарз олишининг сабаби — хусусий секторда жамғармаларнинг инвестицияларга нисбатан камлиги, яъни жамғармалар дефицитидир. Мана шу дефицит хусусий корхоналарни ташқи бозордан қарз олишга мажбур қилади.

Хусусий секторда салмоқли давлат улушининг таъсири

Хусусий секторга ташқи қарздорлик жалб қилишда иқтисодиётнинг давлат иштирокидаги корхоналар устунлик қилувчи тармоқларининг ҳиссаси юқори эканлигини пайқаш қийин эмас. Давлат мулки самарадорлиги даражасининг пастлигини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳолат ҳам, бир томондан, давлат корхоналарига жалб қилинган ташқи молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.

Демак, давлат бюджети дефицитини фақат давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондлар даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ деб эмас, балки давлат корхоналари даромадлари ва харажатларини ҳам ўз ичига олади, деб кенг талқин қиладиган бўлсак, мамлакат ташқи бозорлардан олаётган қарзларнинг ва мамлакат ташқи қарзи ўсишининг аксарият қисми давлат сектори ҳиссасига тўғри келаётганинини кўришимиз мумкин.

Бошқа томондан, давлат корхоналари фаолияти самарасизлиги муаммосининг мавжудлиги уларни хусусийлаштириш ва бу борада қабул қилинган давлат дастурини амалга ошириш, молия секторини ислоҳ қилиш ва иқтисодиётда жамғармаларни рағбатлантириш масалаларининг долзарблигини янада оширади.

Марказий банк маълумотларига кўра, банк томонидан ўтказиладиган валюта интервенциялари олтин-валюта захираларининг «нейтраллиги» тамойилига асосланади. Бу Марказий банк валюта маблағларини соф сотиш ҳажмини йил мобайнида харид қилинган монетар олтин чегарасида ушлаб туришини англатади. Бошқача айтганда, Марказий банк ички валюта бозорида операциялар амалга оширишда жамғариш ёки мавжуд олтин-валюта захираларидан фойдаланиш мақсадини кўзламайди, балки пул массасининг ҳаддан ташқари ўсишининг олдини олиш тамойилига асосланади.

Ушбу ёндашув сузиб юрувчи валюта курси режими талабларига мос келади. Бундай режимда марказий банкларнинг ички валюта бозоридаги иштироки минимал бўлади ва Марказий банкнинг валюта бозорига интервенцияси фақатгина умумий тенденция доирасида сўм курсининг кескин тебранишларини юмшатиш мақсадида амалга оширилади.

Сўнгги йиллардаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, Марказий банкнинг валюта бозоридаги операциялари чекловчи эмас, кўпроқ рағбатлантирувчи ҳарактерга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, 2017−2021 йилларда Ўзбекистоннинг расмий олтин-валюта захиралари 8,0 млрд долларга (27,1 млрд доллардан 35,1 млрд долларга) ошган.

Бундан келиб чиқадики, валюта бозоридаги интервенциялар орқали Марказий банк сотганидан кўра кўпроқ чет эл валютасини сотиб олди ва бу орқали мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ҳажмини оширди. Демак, Марказий банк интервенцияларисиз ўзбек сўмининг курси юқорироқ бўлиши мумкин эди, ўз навбатида, экспорт ҳажми камроқ, импорт ҳажми ва ташқи савдо дефицити миқдори эса амалдагидан ҳам кўпроқ бўлар эди.

Демак, Ўзбекистонда сезиларли савдо баланси дефицити мавжудлиги, бир томондан, давлат бюджети дефицити мавжудлиги билан, иккинчи томондан, хусусий секторга йўналтирилган инвестициялар ҳажмига нисбатан жамғармаларнинг етишмаслиги билан изоҳланади.

Айнан давлат бюджети дефицитини қоплаш ва хусусий сектор инвестицияларини (асосан давлат иштирокидаги корхоналарни) молиялаштириш мақсадида кредитлар ва портфел инвестициялар кўринишидаги ташқи молиявий ресурслар жалб қилинмоқда. Ушбу молиявий ресурсларнинг кириб келиши мамлакат импортининг экспортдан ошиб кетишининг асосий сабабидир.

Бу шуни англатадики, жамғармалар ва хусусий секторга инвестициялар даражаси ўзгармаган ҳолда савдо баланси дефицитини қисқартириш учун давлат бюджети дефицитини камайтириш, давлат бюджети дефицити даражаси ўзгармаган ҳолда эса иқтисодиётнинг хусусий секторидаги «жамғарма-инвестиция» балансидаги етишмовчиликни қисқартириш зарур.

«Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари» ҳамда хусусий секторда «жамғарма ва инвестициялар» номутаносиблигининг умумий қисқариши ҳар қандай комбинацияда мамлакат савдо баланси дефицитининг камайишига олиб келади. Ушбу нисбатлар тикланмас экан, савдо баланси дефицитини камайтиришга қаратилган ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка маҳкум.

Импорт протекционизми ташқи савдо дефицитини камайтиришга ёрдам берадими?

Бир қарашда, савдо дефицити импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан ортиб кетиши бўлганлиги сабабли, бу дефицит миқдорини камайтириш учун импорт протекционизмини кучайтириш ва импорт ҳажмини қисқартириш зарурдек туюлади. Импорт сиёсатини либераллаштиришдан қўрқиш ҳам шундан — либераллаштириш импортнинг ортишига ва ташқи савдо дефицитига олиб келади, деб ҳисоблашдан келиб чиқади.

Бироқ, агар сузиб юрувчи валюта курси шароитида ташқи савдо дефицити давлат бюджети дефицити ва хусусий секторда «жамғарма-инвестиция» мувозанати номутаносиблигининг оқибати бўлса, у ҳолда бу муаммони ҳал қилиш импорт протекционизмини кучайтиришни эмас, балки иқтисодий сиёсатнинг мутлақо бошқа дастакларидан фойдаланишни талаб қилади.

Сузиб юрувчи валюта курси шароитида протекционизм ёки ташқи савдо сиёсатини либераллаштириш орқали ташқи савдо балансига таъсир кўрсатиб бўлмайди. Ушбу дастаклардан фойдаланиш ташқи савдо балансига эмас, фақатгина экспорт ва импорт ҳажмига таъсир қилиши мумкин.

Масалан, импорт протекционизми даражасининг ошиши миллий валютанинг реал айирбошлаш курсининг ўсишига олиб келади. Натижада экспорт ҳажми қисқаради ва импорт ҳажми ортади, бу эса савдо баланси дастлабки ҳолатининг қайта тикланишига хизмат қилади.

Либераллаштириш ва импорт протекционизмининг қисқариши реал айирбошлаш курсининг пасайиши ва шунга мос равишда экспорт ҳажмининг ошиши, импорт ҳажмининг қисқаришига олиб келади. Натижада дастлабки савдо баланси яна ўзгаришсиз қолади.

Савдо баланси дефицитининг асосий сабаби давлат бюджети дефицити ёки хусусий сектор инвестицияларига нисбатан жамғармаларнинг етишмаслиги бўлганлиги сабаб, савдо дефицитини камайтириш учун иқтисодий сиёсат давлат бюджети дефицитини қисқартиришга ёки хусусий секторда жамғармаларни рағбатлантиришга ёки бир вақтнинг ўзида ҳар иккисига қаратилган бўлиши лозим.

Очиқ иқтисодиётда макроиқтисодий даражадаги ўзаро боғлиқликлар бизнинг интуициямиз таклиф қилгандан кўра мураккаброқ. Шу нуқтаи назардан, иқтисодий сиёсатнинг турли воситаларидан фойдаланиш, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бутунлай кутилмаган макроиқтисодий натижаларга олиб келиши мумкин.

Айтайлик, ҳукумат автомобиллар учун импорт божларини 80% дан 20% гача камайтиришга қарор қилди. Бундай либераллаштириш мамлакат савдо баланси дефицитининг ошишига олиб келадими?

Биринчи интуитив жавоб — ҳа, чунки бундай сиёсатнинг оқибати автомобиллар импортининг сезиларли даражада ошишидан иборат бўлади, бу эса ташқи савдо дефицитини оширади.

Лекин, аслида, тўғри жавоб — йўқ. Автомобил импорти сиёсатини либераллаштириш, катта эҳтимол билан, мамлакатнинг ташқи савдо баланси салбий сальдосининг қисқаришига олиб келади. Мана, нима учун тўғри жавоб — «йўқ»: автомобиллар учун импорт божларини 80% дан 20% гача камайтириш автомобиллар импорти ҳажмининг йилига, айтайлик, 200 мингтагача ошишига олиб келади. Маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи корхона бутловчи қисмларни олиб киришдаги божларни тўлашдан озод қилингани боис, автомобиллар учун импорт божлар ставкасини пасайтириш ва уларни импорт қилиш ҳажмини ошириш давлат бюджетига қўшимча даромад келтиради. Фараз қилайлик, импорт қилинадиган автомобилнинг ўртача нархи 10 минг доллар. Бу ҳолда давлат бюджетига импорт божларидан 20% миқдорида қўшимча тушум йилига 400 млн долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, ушбу қўшимча даромадлар давлат бюджети дефицитини ва уни қоплаш учун ташқи қарзга бўлган эҳтиёжни айни шу миқдорга камайтиради. Бу жами савдо баланси дефицитининг ўсишига эмас, балки шу миқдорга қисқаришига олиб келади, гарчи автомобил импорти ўсган бўлса ҳам. Савдо баланси дефицитининг бундай қисқаришига, автомобиллар импорти режимини либераллаштиришга жавобан миллий валюта курсини автоматик мослаштириш (пасайтириш) ва бунинг натижасида экспорт умумий ҳажмининг тегишли тарзда ўсиши ва импортнинг умумий ҳажмини чеклаш орқали эришилади. Қолаверса, бундай сиёсат иқтисодиётда ресурслардан янада самарали фойдаланиш, истеъмолчиларнинг танловини кенгайтириш ва уларнинг диди ва хоҳишидан келиб чиққан ҳолда талабларини тўлиқ қондириш имконини беради.

Импортни либераллаштириш дастурини худди шу тарзда, ҳозирги вақтда юқори импорт божлари ўрнатилган, лекин таркибий қисмларига импорт тарифлари қўлланилмайдиган бошқа маҳсулотлар (масалан, маиший электроника импорти) ҳам қамраб олиниши ҳисобига кенгайтирилса, давлат даромадлари янада кўпаяди, ташқи қарздорлик ва, ўз навбатида, ташқи савдо дефицити янада камроқ бўлади.

Бундан ташқари, савдони эркинлаштириш нафақат импорт тарифларини пасайтириш, балки барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг ва адолатли рақобат шароитларини яратиш мақсадида савдо сиёсатининг барча воситаларини ислоҳ қилишни ҳам англатади.

Масалан, ички бозорда фаолият юритаётган корхоналар учун жуда кўп сонли самарасиз солиқ ва кредит имтиёзлари бекор қилинса, давлат бюджети даромадлари қанчалик кўпайиб, бюджет дефицити, ўз навбатида, мамлакат савдо баланси дефицити ҳам қанчалар кисқаришини тасаввур қилиш мумкин.

Дарҳақиқат, агар давлат бюджети мувозанатлашган бўлса ва хусусий сектор жамғармалари хусусий секторнинг инвестиция эҳтиёжларини молиялаштириш учун етарли бўлса, унда савдо баланси дефицити қаердан келиб чиқади?

Импорт режимини либераллаштириш одатда иқтисодиётнинг очиқлигини ошириш, ички товар бозорларида рақобатни кучайтириш, инфляция суръатини пасайтириш, мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар билан бир вақтда олиб борилиши ҳам муҳим. Бу чора-тадбирларнинг барчаси иқтисодиётда нархлар даражаси издан чиқишини бартараф этиш, мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини оширишга хизмат қилади.

Бу ислоҳотларнинг натижаси ўрта ва узоқ муддатли истиқболда таркибий қайта қуришлар суръатларининг тезлашиши, иқтисодий ўсиш ва шунга мос равишда халқ турмуш фаровонлигининг ошишидан иборат бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.