Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига (ИТСВ) 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди.

Бу президентнинг «Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб- қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида қайд этилган.

ИТСВ Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси хулосаси асосида тегишли чораларни кўради.

Бунда, тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, шунингдек, импорт шартномалари қийматларини сунъий равишда ошириш, ички бозорга сифатсиз маҳсулотлар кириб келиши ва контрабанда ҳолатларининг олдини олиш чоралари назарда тутилади.

Маълумот ўрнида, Ҳукумат комиссиясига бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков раҳбарлик қилади.

Фармон билан шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт» АЖларга ташқи савдо компанияларини айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 10 миллион АҚШ доллар маблағ ажратилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт» акциядорлик жамиятларининг устав капиталларидаги (жамғармаларидаги) давлат акциялари (улушлари) пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқини амалга оширади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги бир ҳафта муддатда Экспортни рағбатлантириш агентлигига «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт» АЖларнинг устав капиталларидаги (жамғармаларидаги) давлат акциялари (улушлари) ўтказилишини таъминлайди.

Бунга қадар, мазкур фармони билан 1 апрелдан маҳаллий корхоналарга Европа Иттифоқига юқори қўшилган қиймат маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизи, қўшни давлатларга ташишда эса харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилиниши ҳақида ёзгандик. Қолаверса, божхона омборида 6 ой турган товарларга имтиёз қўллашни тақиқловчи тартиб ҳам бекор бўлди.