Европа Иттифоқи илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа товарлар импортини кескин оширган давлатларга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Гап Туркия, БАА ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Пекинда Эрон ва Саудия Арабистони вакиллари дипломатик муносабатларни қайта тиклаш бўйича баёнот имзолади. Расмийлар икки ой ичида элчихоналарни қайта очишга келишиб олди. Муносабатлар 2016 йил Саудияда шиа руҳонийси қатл этилиши ва Теҳрондаги қироллик элчихонасига ўт қўйилиши ортидан узилганди.
Беларусь президенти Александр Лукашенко янги қонунни имзолади, унга кўра, мансабдор шахс ёки ҳарбий хизматчи томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазосини қўллаш назарда тутилган.
Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари мобил иловадан пул ўтказишда ҳисоб рақамидан пул ечиб олиниши ва юқори фоизли кредитлар расмийлаштирилиши каби муаммоларга учрамоқда. Миграция агентлиги фуқаролардан банк хизматларидан фойдаланишда шахсий маълумотларни ҳеч кимга маълум қилмасликни сўради.
Си Цзиньпин 5 йиллик муддатга Хитой раиси лавозимига қайта сайланди. У учинчи муддатга президент этиб сайланган ХХРнинг илк раҳбари бўлди.
Пайшанбага ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 81 та ракета билан ҳужум қилди. Львов вилоятида снаряд турар-жой биноларига тушиб, беш киши, Днепропетровск вилоятида бир киши ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги бу «Брянск вилоятидаги террорчилик ҳаракатлари учун катта жавоб зарбаси» эканини айтди.
Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов 2022 йилнинг январидаги тартибсизликлар чоғида ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Грузияда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Йиғилганлар буни «Россия йўлидан юриш» деб баҳолаган. Мамлакат президенти намойиш иштирокчиларини қўллаб-қувватлади. Лойиҳа парламентдан қайтариб олинди.
Қозоғистонда коррупцияга қўл урган амалдорлардан мусодара қилинган пулларга 70 та мактаб қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳозиргача бундай пуллардан 120 млрд тенге Молия вазирлиги ҳисобига ўтказиб берилган.
Қозоғистоннинг Актобе вилоятида «КамАЗ» ва Cobalt иштирокида содир бўлган ЙТҲда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
Туркманистонда президент номидан 8 март совғаси сифатида хотин-қизларга 60 манатдан пул берилади. Бу давлат курси бўйича 17 доллар, «қора бозор»да эса 3 доллар дегани. Боғча тарбияланувчиларига биринчилардан бўлиб президент совғасини топшириш бошланган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Украина-Россия можаросида иккала томонда ҳам ўйнаш ва Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўриб чиқаётганликда айблаганди. Хитой ТИВ расмийси Мао Нин АҚШнинг ўзи урушни ҳалокатли қуроллар билан таъминлаб, фактларни бузиб кўрсатаётганини билдирди.
Россия «ФСБ» Брянск вилоятининг Климовский туманида «давлат чегарасини бузган қуролли украина миллатчиларини йўқ қилиш чоралари кўрилаётганини» маълум қилди. Шунингдек, Россия кўнгиллилар корпуси видеоси пайдо бўлди. Видеода ўз ватанларини озод қилиш учун келганликлари эълон қилинган.
Франциянинг Тулуза шаҳридаги Фуқаролик миллий авиацияси институтида буюк астроном ва олим Мирзо Улуғбек ҳайкали очилди. Қолаверса, ботаника боғи ҳудудида «Ўзбек боғи»нинг очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Қозоғистон ўз ҳудудидан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймайди, дея маълум қилди мамлакат ТИВ раҳбари Мухтар Тлеуберди. Қозоғистон ҳозирча Россиядан хавф ёки таҳдидни сезаётгани йўқ, деди у Остонада АҚШ давлат котиби билан учрашув якунлари бўйича.
Грецияда йўловчи ва юк поездларининг тўқнашуви оқибатида 32 киши ҳалок бўлди, 85 киши жароҳат олди.
Туркияда содир бўлган зилзила қурбонлари сони 2 нафарга етгани, Краснодардаги нефть базасига дронлар ҳужуми уюштирилгани, АҚШ Хитойнинг 12 та компаниясини Россияга ёрдам бергани учун «қора рўйхат»га киритгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Хитойнинг «Украина инқирози»ни ҳал қилиш бўйича «тинчлик режаси»га муносабат билдирди. Аввалроқ Россия ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Зеленский таклифда «тинчлик режаси»ни кўрмаган, Байден эса буни фақат Россия учун манфаатли деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Польша Беларусь билан чегарадаги назорат пунктини вақтинча ёпгани учун миллий ташувчилардан Европага юк ташувлари жараёнида ушбу ҳолатни инобатга олишларини сўради. Ҳозирда Литва орқали тўсиқларсиз ҳаракатланишни таъминлаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
АҚШ, ЕИ ва бошқа давлатлар Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди. IT-компаниялар, банклар, жисмоний шахслар ҳам чекловлар остида қолди. Жумладан, МегаФонга нисбатан экспорт чекловлари жорий этилди. У санкциялардан уч кун олдин Ўзбекистондаги қўшма корхона таъсисчилари сафидан чиққан эди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг