Бугунги кунда дунёда 770 миллиондан ортиқ вояга етганлар ўқиш ва ёзишни билмайди, дея маълум қилди ЮНEСКО бош директори Одри Азуле.

Унинг фикрича, ҳар бешта давлатдан биттасигина 12 йиллик бепул мажбурий таълимни қонуний равишда кафолатлай олади. Кўп мамлакатларда эса пандемия туфайли таълим соҳасидаги вазият сезиларли даражада ёмонлашган.

Одри Азуле таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, таълим асосий ижтимоий соҳалардан бири бўлиб, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш лойиҳасини амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бу борада кўплаб ютуқларга эришдик. 1979 йилда сайёрамиздаги одамларнинг атиги 68 фоизи ўқиш ва ёзишни билган. 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 86,7 фоизга ошган. Ушбу ютуқларга қарамай, бутун дунё бўйлаб 771 миллион нафар вояга етган одам ҳали ҳам асосий саводхонлик кўникмаларига эга эмас. Уларнинг 60 фоизи қизлар ва аёллардир», — деди Одри Азуле.

ЮНEСКО маълумотларига кўра, пандемия натижасида 24 миллионга яқин ўқувчи ҳеч қачон мактаб ва бошқа таълим муассасаларига қайтмаслиги мумкин. Улардан 11 миллион нафари қизлар ва ёш аёллардир. Азуле таълимга кўпроқ маблағ ажратиш ва халқаро ёрдам кўрсатишга чақирди.