Cўнгги бир ой ичида Украина ҳаво мудофааси Россия қўшинлари томонидан учирилган ракеталарнинг атиги 30 фоизини уриб туширишга муваффақ бўлди, деб ёзди The Wall Street Journal.

Нашрнинг қайд этишича, сўнгги олти ой ичида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракеталарнинг ўртача 46 фоизини уриб туширган, ундан аввалги ярим йиллик давр давомида эса ҳаво ҳужумидан мудофаа самарадорлиги кўрсаткичи 73 фоизни ташкил этган. Журналистлар буни Украина Қуролли кучлари (УҚК)нинг ҳаво кучлари томонидан тарқатилган маълумотлар асосида ҳисоблаб чиққан (нашрга кўра, мустақил ҳарбий таҳлилчи бу маълумотлар тўлиқ картина ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етарли деб ҳисоблаган).

Йўқ қилиш осонроқ бўлган дронлар бўйича ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари самарадорлиги кўрсаткичи деярли ўзгармаган — сўнгги олти ой ичида атиги 1 фоизга, ўртача 82 фоизгача пасайган.

Сўнгги олти ойда Россия қўшинлари Украинага ракета ва дрон ҳужумлари интенсивлигини аввалги олти ойга нисбатан 45 фоизга оширган. Бунинг фонида УҚКда ракета ва дрон ҳужумларидан энг яхши ҳимоя саналадиган Patriot тизимлари учун ўқ-дорилар тугаяпти, дея қайд этган WSJ.

Нашр АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг АҚШ ва Украинанинг Европадаги иттифоқчилари УҚК ҳимоя учун зарур бўлган нарсаларни олиши учун барча имкониятларни ишга солаётгани ҳақидаги сўзларини эслатиб ўтган. The Wall Street Journal`нинг Европа ҳарбий разведкасидаги манбаси ҳисоб-китобларига кўра, Украина армияси ўқ-дорилар ва мудофаа тизимлари етиб келгунга қадар тахминан икки ой туриб бериши керак бўлади.