Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Дархон Сатибалди жанубдан Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон вилоятига ҳоким этиб тайинланди. Тегишли фармон 31 август куни мамлакат президенти томонидан имзоланган.

Қозоғистон давлат раҳбарининг яна бир фармони билан Умирзоқ Шукеев Туркистон вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. «Власт» нашрининг ёзишича, 24 август куни у ўз қўл остидаги ходими, Кентау шаҳрининг собиқ ҳокими коррупцияда айбланиб, корхона директоридан ҳомийлик учун 50 млн тенге (1 млрд 150 млн сўм) пора олгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Дархан Сатибалди 2019 йилдан буён Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келаётганди. У 1974 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Абай қишлоғида туғилган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи-муҳандис ва ҳуқуқшунос. Элчи этиб тайинлангунга қадар у Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Чимкент шаҳри ҳокими лавозимида, бош вазир девонида, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитасида бошқарма бошлиғи сифатида иш фаолиятини олиб борган.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисини тайинланиш ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.

«Газета.uz» август ойида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Дархон Сатибалдининг мақоласини эълон қилганди.

«Глобал ва интеграция жараёнларининг турғунлиги, геосиёсий ва эпидемиологик инқирозлар туфайли транспорт алоқалари ва таъминот занжирларининг узилиши шароитида айнан қўшничилик омили мамлакатларимиз тараққиётида муҳим роль ўйнайди», — деб ёзганди у ўша пайтда.

«Мамлакатларимизнинг иқтисодий ва ресурс салоҳияти товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш учун истиқболли замин яратмоқда. Глобал миқёсда ресурсларимизни бирлаштириб, биз иқтисодиётимизнинг энергетика, озиқ-овқат ва транспорт соҳаларига бўлган эҳтиёжларини қондиришимиз, шунингдек, минтақавий бозорларда Қозоғистон-Ўзбекистон иштирокини сезиларли даражада кенгайтиришимиз мумкин», деб ҳисоблайди Дархон Сатибалди.