2014 йилдан буён Россия хориждаги сиёсий таъсирини ошириш мақсадида йигирмадан ортиқ мамлакатлардаги сиёсий партиялар, номзодлар ва алоҳида сиёсатчиларга камида 300 миллион АҚШ доллари йўналтирган. Бу ҳақда Associated Press, CNN, Reuters, The New York Times, The Washington Post ва бошқа нашрлар АҚШ президенти маъмуриятининг исми ошкор этилмаган юқори лавозимдаги амалдорларига таяниб хабар бермоқда.

АҚШ разведкаси Москва Ғарбдаги демократик институтларни заифлаштириш, шунингдек, Кремль манфаатларига мос келадиган глобал сиёсий кучларни илгари суриш учун ўзининг яширин кампаниясига яна юзлаб миллион доллар сарфлашни режалаштирганини аниқлади.

Reuters манбасининг ёзишича, Россия ҳукумати бошқа нарсалар қатори ўта ўнг оқимлар ва миллатчи партияларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб, бу мамлакатларнинг «демократияларини ичкаридан манипуляция қилиш» учун ҳаракат қилган. Шу билан бирга, агентлик суҳбатдоши Россия таъсири қайси давлатларга қаратилганлигини аниқ айтмади ва махфий молиялаштириш ҳақидаги даъволарни тасдиқловчи аниқ далиллар келтирмади.

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, пул ўтказмалари учун махсус компаниялар,ширкатлар, фондлар, таҳлил марказлари, Россия элчихоналари ва давлат корхоналари ҳисоблари ва бошқа йўллардан фойдаланилган. Маблағлар нақд пул, пул ўтказмалари, криптовалюталар ва совғалар кўринишида ўтказилган.

Айтилишича, операциялар баъзан Россия агентликлари, жумладан ФҚБ, хусусий тадбиркорлар томонидан назорат қилинган. Расмийларнинг фикрича, молиявий схемаларда тадбиркор Евгений Пригожин ва Россия Давлат думаси раиси ўринбосари Александр Бабаков иштирок этган.

Журналистлар манбаларининг тасдиқлашича, бундай молиялаштириш Албания, Черногория, Мадагаскар, Босния ва Герцеговина ва катта эҳтимол билан Эквадорда ҳам аниқланган. Бундан ташқари, расмийлар номи очиқланишини истамаган Осиё давлати ҳақида гапириб, у ерда «Россия элчиси президентликка номзодини қўйган шахсга миллионлаб доллар нақд пул берган» дейилади.

Америка разведкаси ҳисоботида Россия Федерациясининг Қўшма Штатлардаги бундай фаолияти ҳақида ҳеч нарса акс этмаган.

Жорий йил бошидан бери Оқ уй Москванинг Украина билан боғлиқ режалари ва ҳаракатларига оид махфий маълумотларни қайта-қайта эълон қилди ва АҚШ расмийлари буни «мамлакатда Путиннинг амбицияларини бўғишга уринишнинг бир қисми» дея атади.

«Яқин ойларда Россия халқаро санкциялар самарадорлигига путур етказиш ва ўз таъсирини сақлаб қолиш мақсадида Украинадаги уруш давом этаётган бир шароитда, Марказий ва Жанубий Америка, Африка, Яқин Шарқ ва Осиёдаги яширин таъсир воситаларига, жумладан, яширин сиёсий молиялаштиришга тобора кўпроқ таяниши мумкин», — дея ёзади The Washington Post.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Россиянинг яширин молиявий операцияларини «суверенитетга ҳужум» деб ҳисоблайди. «Бу бутун дунё бўйлаб одамларни ўз манфаатлари ва қадриятларини ифодалай оладиган ҳукуматларни танлаш имкониятидан маҳрум этишга уриниш», — деди у.

Давлат департаменти АҚШнинг 100 дан ортиқ мамлакатлардаги элчихоналарига разведка ҳисоботини юборди. Унда Россиянинг яширин фаолияти ҳақидаги маълумотларга қўшимча равишда АҚШ ва иттифоқчилар Кремлга қарши курашиш учун қандай чоралар кўриши мумкинлиги кўрсатилган. Бу чоралар санкциялар, саёҳатларни тақиқлаш ва жосуслик ва яширин сиёсий молиялаштиришда гумон қилинганларни чиқариб юборишни ўз ичига олади.