Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаевани Афғонистон бўйича янги махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинлади. У бу лавозимда канадалик Дебора Лионснинг ўрнини эгаллади, дея хабар беради ташкилот матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Отунбаева етакчилик, дипломатия, фуқаровий фаоллик ва халқаро ҳамкорлик соҳасида 35 йилдан ортиқ профессионал тажрибага эга.

Роза Отунбаева 2010−2011 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. У уч марта , жумладан, охирги марта 2005 йилда ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. Шунингдек, парламент депутати бўлган. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигида бир қанча юқори дипломатик лавозимларда ишлаган, жумладан, Қирғизистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси (1992−1994-йилларда) ҳамда Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси (1997−2002-йилларда).

1989−1991 йилларда Отунбаева ЮНЕСКО ишлари бўйича Совет миллий комиссиясининг раиси бўлган. 2002−2004 йилларда БМТда БМТнинг Грузиядаги кузатувчилар миссиясида бош котибнинг махсус вакили ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ҳозирда БМТ бош котиби ҳузуридаги Воситачилик бўйича Олий даражадаги маслаҳат кенгаши аъзоси, Қирғизистондаги «Роза Отунбаева ташаббуси» жамғармаси раҳбари.