13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги вазият яна кескинлашди.

«Тунда Арманистон қуролли кучларининг саботаж гуруҳлари тоғли ерлар ва даралардан фойдаланган ҳолда Озарбайжон армияси бўлинмалари позициялари ва таъминот йўллари ўртасидаги турли йўналишларда миналаш ишларини амалга оширган», дея хабар бермоқда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.

Озарбайжон ҳарбийлари миналарни зарарсизлантиришга уринганида, тўқнашув содир бўлди, деди вазирлик.

«Басаркечер, Истису, Гаракилс ва Горис аҳоли пунктлари йўналишида жойлаштирилган Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари турли қуроллардан, жумладан, миномётлардан, Озарбайжон қўшинларининг айрим позициялари, бошпаналари ва Дашкесан, Қалбажар ва Лочин вилоятлари ҳудудидаги истеҳкомларини интенсив ўққа тутди. Натижада шахсий таркибда йўқотишлар бўлди, ҳарбий инфратузилмага зарар етказилди», — дейилади хабарда.

Ҳарбий таҳдидларнинг олдини олиш ва ушбу соҳада инфратузилма ишларига жалб қилинган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан фуқаролик ишчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Озарбайжон армияси Арманистон қуролли кучларининг ўқ отиш нуқталарини бостириш ва кенгайишининг олдини олиш учун «кучли жавоб чораларини» кўрди.

«Саботаж операцияларида иштирок этаётган Арманистон қуролли кучларининг ишчи кучи ва ҳарбий техникасида йўқотишлар бор», — деди Озарбайжон Мудофаа вазирлиги. Агентликнинг таъкидлашича, содир бўлган воқеа учун барча жавобгарлик «Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти зиммасида». Арманистон Мудофаа вазирлиги ўз баёнотини худди шу вақтда эълон қилди.

«Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари артиллерия, миномёт ва [учувчисиз учиш аппаратлари] ёрдамида Арманистон-Озарбайжон чегарасининг бир нечта участкаларида жойлашган арман позицияларига бирданига кучли ўт очди. Хусусан, Сотк, Варденис, Горис, Капан, Артаниш ва Ишханасар йўналишида жойлашган позициялар нишонга олинди. Фуқаролик инфратузилма объектлари ҳам ўққа тутилмоқда», — деди вазирлик.

Арманистон Мудофаа вазирлиги уларнинг ҳарбийлари «ўзларига юклатилган жанговар топшириқларни бажараётганини» маълум қилди.

«Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг ўққа тутилиши Арманистон томонидан бошлангани ҳақидаги баёнотлари мутлақо ёлғондир. Қолаверса, ҳарбий-сиёсий раҳбарият ушбу провокация учун маълумот базасини тайёрлаб қўйган, буни арманларнинг гўёки ўққа тутгани ҳақидаги ҳар кунги дезинформациялар тасдиқлайди. Барча ҳолатларда бўлгани каби, бу провокация ҳам Озарбайжон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан уюштирилди», — дейилади Арманистон Мудофаа вазирлиги хабарида.

Арманистон томонида қурбонлар ва ярадорлар бор, улар ҳақида маълумотлар аниқлаштирилмоқда.

Эрталаб мудофаа вазирлиги чегаранинг айрим участкаларида ҳам позициявий жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берди. «Душман олға интилишдан тўхтамаяпти», деди Арманистон Мудофаа вазирлиги. Кейинроқ агентлик Озарбайжон ҳарбийларининг қўшни давлат ҳудудига юришга уринишлари акс этган видеони эълон қилди.