Шимолий Корея парламенти ядро қуролидан ташқи ҳужумдан ҳимояланиш учун превентив (огоҳлантирувчи) фойдаланиш имконини берувчи қонунни қабул қилди, дея хабар қилди DW Корея давлат ахборот агентлигига таянган ҳолда.

«Агар миллий ядровий кучларнинг қўмондонлик ва назорат тизими душман кучлар томонидан ҳужум таҳдиди остида бўлса, дарҳол ядровий зарба берилади», — дейилади қонунда.

Ғарб ОАВларининг қайд этишича, шу тариқа Шимолий Корея ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин КХДР парламенти сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатнинг ядровий мақоми энди «қайтариб бўлмайдиган» эканлигини ва мамлакатни ядросизлантириш бўйича муҳокамалар энди мантиқий эмаслигини айтди.

Шимолий Корея ҳеч қачон ядро қуролидан воз кечмайди, деди Ким Чен Ин, чунки у Шимолий Кореяга мамлакат мудофаасини барбод қилиш ва охир-оқибат ҳукуматини ағдариш учун «босим ўтказаётган» АҚШга қарши туриш учун керак.

Ким Чен Ин, шунингдек, Жанубий Кореяни ҳарбий салоҳиятини кенгайтириш ва шимолдан кучайиб бораётган таҳдидга қарши туриш учун АҚШ билан биргаликда кенг кўламли ҳарбий машғулотларни қайта тиклаш режалари учун танқид қилди. КХДР раҳбари бундай режаларни «хавфли» ва «кескинлик туғдирувчи» деб атади.

БМТ ва МАГАТЭ Шимолий Корея 2017 йилдан буён илк ядро синовини ўтказишга тайёрланаётганидан хавотирда, дейилади ҳисоботда. Буни сўнгги ойларда мамлакат шимолидаги «Пунгери» ерости полигонида қайд этилган фаоллик кўрсатмоқда. Сунъий йўлдошдан олинган суратларда 2018 йилда АҚШ билан ядросизланиш бўйича музокаралар чоғида туннеллар таъмирланаётгани ва бузиб ташланган иншоотлар қайта тикланаётганини кўриш мумкин. 2006−2017 йилларда КХДР «Пунгери» полигонида олтита ядровий синов ўтказди.