Қирғизистонлик таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича жиноят иши яна тўхтатилди. Бу ҳақда унинг укаси, журналист Шоҳрух Соипов «Газета.uz» билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, акаси 2007 йилнинг 24 октябрида Ўшнинг Масалиев кўчасида яқин масофадан отиб кетилган. Номаълум одам Алишер Соиповнинг икки марта бошига ва бир марта ўнг оёғига тўппончадан ўқ узган. Ўшанда у 26 ёшда бўлиб, ортида рафиқаси ва уч ойлик қизи қолган.

Қайд этилишича, 2010 йили Алишер Соиповнинг ўлимида гумондор сифатида фуқаро А.Р. қўлга олинган. Унинг машинасидан журналист отилган тўппонча топилган ва А.Р. 20 йилга қамалган. Бироқ орадан икки йил ўтиб, фуқаро Олий суд томонидан озод қилинган. Гумонланувчининг яқинлари судга жиноят содир этилган куни у қариндошлари билан бирга тўйда бўлганини исботловчи видеокассета тақдим этган. Жиноят иши 2012 йили қайта очилиб, 2013 йил декабрда тўхтатилган.

2019 йилнинг август ойида Қирғизистоннинг ўша вақтда қабул қилинган янги таҳрирдаги Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши қайта очилади. Лекин уч йил ўтгач, яъни 2022 йилнинг августида мазкур иш яна ёпилади. «Акамнинг ўлдирилиши бўйича жиноят иши тўхтатилгани ҳақида шу йилнинг август ойи ўрталарида терговчидан эшитдим. Тергов қачон бекор қилингани номаълум», — деди Шоҳрух Соипов.

Унинг айтишича, 2019 йили жиноят иши қайта очилганидан буён терговчи томонидан шу кунгача бирорта ҳам тергов ишлари олиб борилмаган.

«Биз, Соиповлар оиласи тергов доирасида суҳбатга таклиф қилинмадик. Қотилликнинг ягона гувоҳи — Алишер акам отилганда унинг ёнида бўлган Иқбол Мирсаидов ҳам сўроқ қилинмади, биз билан учраштирилмади. У қотилликка алоқадор ягона шахс ҳисобланиб, воқеа содир этилган вақтда Қирғизистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар иститутида ишлаган. Нега у ҳалигача жиноий иш доирасида сўроқ қилинмаяпти, биз билан юзлаштирилмаётгани эса сирлигича қолмоқда. 15 йил ўтиб ҳам Мирсаидов биздан қочади, акамнинг оиласи ва яқинларига ўша оқшом нима бўлганини, кўрган-билганларини айтишни ҳам истамайди», — деди марҳумнинг укаси.

Маълумот учун, Алишер Соипов 1981 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. У «Америка овози», «Озодлик», «BBC» каби халқаро оммавий ахборот воситаларининг ўзбек хизмати билан ҳамкорликда ишлаган. Журналист асос солган «Сиёсат» номли ўзбек тилидаги газета Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида анча оммалашган. Марҳум журналист асосан, Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар, инсон ҳуқуқлари, қамоқхоналардаги қийноқлар ва мухолифатга нисбатан босим тўғрисида танқидий чиқишлар қилган.

Алишер Соиповнинг номи АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган Newseum медиа музейида ўз вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган журналистлар рўйхатига киритилган. Марҳум 2018 йили Андрей Сахаров номидаги «Мардлик учун» ордени билан ҳам тақдирланган.