Қозоғистон Биринчи президент кунини давлат байрамлари тоифасидан чиқариб ташлашни режалаштирмоқда, деб хабар берди Informburo.kz нашри.

Парламентнинг қуйи палатаси депутатлари кинематография ва маданият масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига Биринчи президент кунини давлат байрамлари қаторидан чиқаришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш лойиҳасини маъқуллади. Қўмита 1-декабр — Биринчи президент кунини Давлат рамзлари куни, Шукроналик куни ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим саналарга ўхшатиб белгилашни таклиф қилди.

Шунингдек, ҳужжатда бошқа ўзгартиришлар ҳам мавжуд. Хусусан, 25-октябр — умумхалқ байрами Республика куни, 16-декабр — Мустақиллик куни давлат байрами сифатида белгиланди. Шу пайтга қадар Мустақиллик куни миллий мақомга эга бўлган.

Қонун Сенат томонидан кўриб чиқилиши ва президент томонидан имзоланиши керак.

Маълумот ўрнида, Биринчи президент куни байрами 2011 йил 10 декабрда қабул қилинган. Байрам 1-декабрда, 1991-йилда Нурсултон Назарбоевнинг республика раҳбари лавозимига сайланган кунда нишонланади.