8 сентябрь куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида Балморал қасрида вафот этди. Буюк Британияда ўн кунлик миллий мотам бошланди, у дафн маросимига қадар давом этади. Елизавета II Буюк Британия, Канада, Австралия ва бошқа 12 мустақил давлатни 70 йил бошқарди. «Газета.uz» қиролича Елизавета II нинг болалиги, унинг тахтга ўтириши ҳамда у ҳақидаги энг қизиқарли хотираларни ёдга олади.

Елизавета II нинг болалиги

Йорк герцогиняси Елизавета янги туғилган қизи билан. 1926 йил, май. Фото: Speaight / Hulton Archive / Getty Images.

Елизавета II 1926 йилнинг 21 апрелда Вестминстерда Йорк герцоги ва герцогиняси оиласида туғилган.

У болалигиданоқ от минишни яхши кўрган. Қиролича пойга отларини ҳам етиштирган, улар пойгаларда унга кўплаб совринлар олиб келган.

10 ёшли малика Елизавета амакиси Глостер герцоги ва инструктори билан Виндзорда сайр қилмоқда. Фото: Getty Images.


Елизавета II`нинг отаси Георг VI нинг тож кийиш маросими. 1937 йил 12 май. Фото: Central Press / Getty Images.

Георг VI ва унинг рафиқаси Елизаветанинг икки қизи бор эди. Қироличанинг синглиси малика Маргарет 1930 йилда туғилган ва 2002 йилда вафот этган.


1938 йилда малика Елизавета ва Маргаретнинг Лондон ҳайвонот боғида олинган сурати. Фото: Hulton Archive / Getty Images.

Малика Елизавета 13 ёшга тўлганда, Иккинчи Жаҳон уруши бошланди. Қирол Георг VI ва унинг оиласи доимий бомбардимонларга қарамай, Британияни тарк этмади. Георг VI мунтазам равишда радиода гапириб, ўз фуқароларини қўллаб-қувватлаган. Қизлари ҳам четда қолмади. Бўлажак Елизавета II нинг радиода биринчи чиқиши 1940 йил октябрь ойида бўлиб ўтди. Кейин малика Елизавета ва Маргарет урушдан жабрланган болаларга мурожаат қилишди. «Биз ҳар биримиз биламизки, охир-оқибат ҳаммаси яхши бўлади», -дейилади уларнинг мурожаатида.


Елизавета ва Маргарет радио орқали мурожаат қилишмоқда. Фото: Topical Press Agency / Getty Images.

1945 йил февраль ойида малика Елизавета ҳудудий мудофаага кирди, тез ёрдам ҳайдовчиси бўлди ва лейтенант унвонини олди.


19 ёшли Элизабет ҳарбий кийимда, 1945 йил. Фото: Keystone Getty Images.

1947 йил 20 ноябрда 21 ёшли малика Елизавета ва Британия ҳарбий-денгиз кучлари зобити 26 ёшли Филипп Маунтбаттеннинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Никоҳдан кейин Филипп асосий эътиборини қироллик оиласи аъзоси сифатида ҳаракат қилишга қаратди.

Фото: Hulton Archive / Getty Images.

Елизавета II ва Эдинбург герцоги деярли 74 йил бирга ҳаёт кечиришди.

Елизавета II`нинг тахтга ўтириши

Елизавета II отаси Георг VI нинг вафотидан кейин 1952 йил 6 февраль куни 25 ёшида қироличага айланади. Унга тож кийдириш маросими тарихда илк бор телевидениеда намойиш этилган шундай маросим бўлди. Дастлаб унинг қиролича бўлиш имконияти кам эди, лекин амакиси Эдуард VIII тахтдан воз кечгач, унинг укаси Георг VI монарх, Елизавета II эса тахт вориси бўлди.

Елизавета II’нинг тож кийиш маросими (1953 йил 2 июнь). Фото: AP / LETA.

Елизавета II тахтга ўтирганида дунёда вазият қандай эди?

Елизавета II тахтга ўтиришидан ярим йил олдин Буюк Британия бош вазири лавозимини учинчи бор Уинстон Черчилль эгаллади. Черчилль ўшанда деярли 80 ёшда эди ва бу вақтинчалик тайинлов деган гап-сўзлар пайдо бўлган. Аммо у белгиланган муддатнинг деярли охиригача фаолият юритди ва лавозимни 1955 йилда тарк этди.

Мисрда «Озод зобитлар ҳаракати» Буюк Британияга қараган монархияни ағдариб, мамлакатда Совет Иттифоқига йўналтирилган ярим социиалистик режимни ўрнатади. Совет Иттифоқи ҳокимият тепасида бу пайт ҳамон Иосиф Сталин турарди. Айни дамда террорнинг янги тўлқини — бу сафар асосан совет яҳудийларига қарши қаратилган ҳаракатлар тайёрланаётган эди. Кремль раҳбарларини, шу жумладан Сталинни ўлдириш ниятида айбланган «шифокорлар иши» очилган.

Корея уруши боши берк кўчага кириб қолган эди, бу ерда дунёнинг катта кучлари — АҚШ ва СССР (Хитой кўмагида) тўқнаш келишди. Корея икки қисмга бўлинган ҳолда қолди. Бу пайт Германия ва Франция ташаббуси билан ташкил этилган ва Европа Иттифоқининг етакчисига айланган Европа кўмир ва пўлат ҳамжамияти ўз ишини бошлайди. Қўшма Штатларда «маккартизм» — сенатор Жозеф Маккарти номи билан аталган «коммунистик жосусларни» топиш ҳаракати кучайиб бораётган эди. Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони генерал Дуайт Эйзенхауэрнинг йил охирида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозониши ҳам айнан Маккартининг кўмаги туфайли юз берди. Унинг қўл остида «жосуслар ови» янада кучаяди.

Аргентинада маҳаллий популист-президент Хуан Пероннинг турмуш ўртоғи, баъзилар жўшқинлиги учун ёқтирган, бошқалар эса дабдабага бўлган ташналиги туфайли нафратланган афсонавий Эвита Эва Перон вафот этади. 1952 йил 7 октябрда Ленинград шаҳрида Владимир Путин дунёга келади.

Елизавета II нинг хукмронлик даври

Унинг ҳукмронлиги даврида Британия бош вазирлари орасида Уинстон Черчилл, Маргарет Тетчер, Тони Блэр ва Борис Жонсон ва бошқалар бор эди. Елизавета II Британия монархлари орасида энг узоқ вақт тахтда бўлди.

Елизавета II ва унинг эри 1953 йил ноябрь — 1954 йил май ойларида биринчи йирик халқаро гастролни амалга оширди. Олти ой давомида қиролича ва Эдинбург герцоги 64 минг километр йўл босиб, Британия Ҳамдўстлиги штатларига ва бошқа бир қанча мамлакатларга ташриф буюришди. Қироличанинг бу ва ундан кейинги барча хорижий ташрифлари нафақат у ташриф буюрган мамлакатларда, балки бутун дунёда катта қизиқиш уйғотди.


Шаҳзода Филипп ва Елизавета II Нигерияда, 1956 йил. Фото: Fox Photos / Hulton Archive / Getty Images.

Елизавета II, бошқа вазифалар қаторида, Буюк Британия қуролли кучларининг олий қўмондони ҳам эди.


Қиролича Британия денгиз пиёдалари билан учрашмоқда, 1980 йил. Фото: Getty Images.

Елизавета II 70 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди ва жаҳон сиёсатидаги барча муҳим шахслар билан учрашди. Масалан, АҚШ президенти Роналд Рейган билан.


Елизавета II нинг АҚШга ташрифи, Сан-Франциско, 1983 йил март. Фото: Getty Images.

1974 йил март ойида Елизавета II нинг ягона қизи малика Анна ва унинг биринчи эри Марк Филлипс ҳужумга учради. Уларнинг Лондондаги машинаси Иан Болл томонидан ўққа тутилган, у маликани ўғирлаб кетиш ва унинг учун тўлов талаб қилишини эълон қилган. Маликанинг қўриқчилари Боллни зарарсизлантиришга муваффақ бўлди, аммо қўриқчилардан бири Жеймс Битон яраланди. Соғайиб кетгач, Битон хизматга қайтди. 1984 йил октябрь ойида тасвирланган Битон (қироличанинг чап томонида) қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филиппга оммавий чиқишда ҳамроҳлик қилмоқда. Иан Болл ақлдан озган деб эълон қилинди ва ихтисослаштирилган шифохонага юборилди, маълумотларга кўра, у ҳозиргача ўша ерда.


Фото: Tim Graham Photo Library / Getty Images.


Малика Маргарет, малика Диана, ёш шаҳзода Уильям ва Гарри, шаҳзода Чарлз ва Елизавета II Букингем саройининг балконида 1989 йил 17 июнда қироличанинг туғилган кунини нишонлаш пайтида. Фото: Getty Images.

1994 йил октябрь ойида қиролича ва унинг эри Россияга ягона давлат ташрифини амалга оширди. Елизавета II президент Борис Елцин билан учрашди. Британия монархлари Ҳамдўстликка аъзо бўлмаган мамлакатларга ўз ҳукмронлиги даврида фақат бир марта давлат ташрифи билан боришлари мумкин. Бу қоида бошқа даражадаги ташрифларга тааллуқли эмас.


Фото: Anwar Hussein / Getty Images.

Елизавета II ҳукмронлиги даврида Британия монархияси бир неча бор инқирозларга дуч келди. Қиролича фарзандларининг ажрашишлари ва шаҳзода Чарльзнинг собиқ рафиқаси малика Диананинг 1997 йил 31 августда Париждаги автоҳалокатда вафот этиши энг қийин пайтлар эди.

5 сентябрь куни, малика дафн маросими куни Елизавета II мурожаат қилди, у ва унинг эри Букингем саройида қад ростлаган ёдгорликка гул қўйишди. Фото: Ian Waldie / Reuters / Scanpix / LETA.


Елизавета II ва Владимир Путин. Фото: Getty Images.

Елизавета II Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашган. Путин 2003 йил июнь ойида Буюк Британияга давлат ташрифи билан борган. У 1843 йилдан бери Буюк Британияда шундай даражадаги ташриф билан қабул қилинган Россия давлатининг биринчи раҳбари бўлди.

82 ёшли қиролича Елизавета II Виндзорда от миниб сайр қилмоқда. 2008 йил, октябрь. Фото: Getty Images

Қиролича ҳаётининг сўнгги йилларигача от минишни давом эттирди.

2018 йилда Елизавета II нинг набираси шаҳзода Гарри америкалик Меган Марклга уйланди. 2020 йил бошида эр-хотин қироллик оиласи аъзоларининг аксарият вазифаларини бажармасликларини эълон қилишди ва мамлакатни тарк этишди. Бир неча ой ўтгач, Меган Маркл америкалик телебошловчи Опра Уинфрига берган интервьюсида қироллик оиласида ўзини ноқулай ҳис қилаётганини ва унинг баъзи янги қариндошлари ирқчи сўзларни айтганини айтди. Британия оммавий ахборот воситалари манбаларга таяниб, қиролича содир бўлган воқеадан жуда хафа бўлганини даъво қилмоқда. Шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси АҚШда яшайди, уларнинг икки фарзанди бор, 2021 йилда туғилган қизига Лилибет дея исм қўйилган. Бу Елизавета II нинг болаликдаги лақаби.


Меган Маркл, Сассекс герцогиняси ва Елизавета II биринчи қўшма тадбирда, 2018 йил 14 июнь. Фото: Getty Images


Фото: Jonathan Brady / Getty Images

2021 йил апрель ойида Елизавета II нинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп 99 ёшида вафот этди. Ўша пайтда амалда бўлган COVID’га қарши чекловлар туфайли дафн маросимида атиги 30 га яқин одам бўлган ва малика хавфсизлик нуқтаи назаридан қолганлардан алоҳида ўтирди. Елизавета II нинг ёлғиз ўтирган ҳолда хайрлашаётгани тасвирланган суратлар пандемия одамлар ҳаётини қандай ўзгартирганининг энг ёрқин мисолларидан бирига айланди.

Қиролича Елизавета II тўрт фарзанднинг онаси, шунингдек, саккиз набира ва 12 эваранинг бувиси эди. Елизавета II ўзининг сўнгги кунларигача қироллик вазифаларини бажарди ва омма олдида бўлди.


Фото: Max Mumby / Indigo / Getty Images

Ушбу сурат қироличанинг 2022 йил июнь ойи охирида Шотландияга ташрифи чоғида олинган.