Россиянинг Федерал тиббий-биологик агентлиги мутахассислари (ФМБА) маймун чечаги инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқди. Агентлик раҳбари Вероника Скворцова янги препарат клиник синовдан ўтказилаётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Унинг таъкидлашича, дастлабки тадқиқотлар мазкур вакцина юқори самарадорлик ва иммуногенликка эга эканини кўрсатган.

«Энг муҳими, у хавфсиз бўлиб, ножўя таъсирларни келтириб чиқармайди», — деди Вероника Скворцова.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълумотларига кўра, дунёда маймун чечаги инфекцияси тасдиқланган беморлар сони 53 минг нафардан ошган.

Касалликдан АҚШ ва Европа аҳолиси энг кўп азият чекмоқда. Хусусан, қўшма штатлар бу рўйхатда пешқадам, маймун чечагини юқтирганлар сони қарийб 19,9 минг нафарни ташкил этяпти.

Кейинги ўринда 6,6 мингта ҳолат билан Испания бормоқда. Шунингдек, Бразилияда 5,1 минг, Францияда 3,6 минг, Германияда 3,4 минг ва Буюк Британияда 3,2 минг нафар кишига мазкур хасталик ташхиси қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, май охирларида «Газета.uz» маймун чечаги у ўзи қандай пайдо бўлгани, унинг аломатлари, хавфлилик даражаси, қолаверса, инфекция янги пандемия бошланишига сабаб бўлиши ёки йўқлиги ҳақида таҳлилий материални эълон қилганди.