Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев парламент депутатларининг мамлакат пойтахти номини Нурсултондан Остонага ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу хақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Руслан Желдибай хабар берди.

«Маълум бўлганидек, бир гуруҳ парламент депутатлари Қозоғистон пойтахтининг олдинги — Остона номини қайтариш таклифини берди. Президент, ўз навбатида, аҳоли билан учрашувлар чоғида қайта-қайта билдирилган таклифлар, шунингдек, референдум даврида фуқароларнинг кўплаб мурожаатларига таянган ҳолда олға сурилган ушбу ташаббусдан хабардор», — дея ёзиб қолдирди у ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Парламент аъзоларининг таклифи президент розилиги билан конституциявий қонун лойиҳасига киритилган.

Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев «Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистоннинг замонавий давлатчилигини мустаҳкамлаш ва пойтахтнинг шаклланишидаги ҳал қилувчи ролини тарихий ҳақиқат деб билади», деди унинг матбуот котиби.

«Шунинг учун биринчи президент номидаги бошқа объектлар ўз номини сақлаб қолиши керак», — деди Руслан Желдибай.

Kursiv.kz`нинг хабар беришича, 1998 йилга қадар Қозоғистон пойтахти Оқмўла дея номланган. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев маҳаллий ижроия ва вакиллик органларининг илтимосномалари ҳамда Оқмўла шаҳри жамоатчилигининг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, Давлат ономастика комиссияси тавсиясига биноан, шаҳарни Остона деб қайта номлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Пойтахт учун бу ном роппа-роса 20 йил давомида қўлланилди. 2019 йил март ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев инаугурация маросимида референдумсиз Остона шаҳрини республиканинг биринчи президенти шарафига Нур-Султон деб ўзгартиришни таклиф қилганди.