Эстония, Латвия, Литва ва Польша Россия фуқаролари учун қуруқлик чегарасини кесиб ўтишга чекловлар киритади. Бу ҳақда Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Эстония миллий телерадиокомпанияси (ERR).

Унинг сўзларига кўра, 19 сентябрга ўтар кечаси Россия фуқароларининг Эстонияга киришига тақиқ кучга киради. Шенген визасини қайси давлат берган бўлишидан қатъи назар, улар мазкур давлатлар ҳудудига кира олмайди. «Эстонияга Шенген визаси билан келманг, бу ерда сизни хуш кўришмайди», деди вазир россияликларга.

Урмас Рейнсалунинг қўшимча қилишича, тақиқ туристик визалар билан саёҳат қилувчиларга тааллуқлидир ва мамлакатга қариндошлари билан учрашиш ёки бошқа гуманитар сабабларга кўра ташриф буюришни хоҳловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бош вазир Кажа Каллас мамлакатга киришни тақиқлаш сабабларидан бири сифатида хавфсизлик масаласини алоҳида таъкидлади, чунки: «Россиянинг Украинадаги агрессив уруши билан бир қаторда гибрид уруш ҳам борлигини ҳисобга олсак, Эстония барча келганларни назорат қила олмайди».

«Эстония чегарани ҳимоя қилиш учун катта ресурслардан фойдаланиши керак», — деди у.

Сиёсатчининг айтишича, жорий этилган санкциялар туфайли Россия билан ҳаво қатнови тўхтатилганидан сўнг Россия Федерацияси билан чегарадош давлатларга «жуда оғир тушган». Унинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг Европа Комиссияси чегарадош давлатларнинг кириш чекловлари тўғрисида миллий даражада қарор қабул қилиш ҳуқуқини ҳам тан олган.

Бугунги кунга қадар Россия фуқаролари Эстония томонидан берилган 49,8 минг амалдаги визага эга, улардан 47,9 минг нафари қисқа муддатли ва 1805 нафари узоқ муддатли. 19,3 минг ҳолатда ташриф мақсади туризм, 20,4 минг ҳолатда оила ва дўстларни зиёрат қилиш. Бошқа давлатлар йилига беш йилгача амал қилиш муддати ва Шенген ҳудудига бир неча марта кириш имконияти билан 3 миллиондан ортиқ Шенген визалари беради. Ҳисоб-китобларга кўра, камида 10 млн Россия фуқароси қисқа муддатли Шенген визасига эга.

Прагада бўлиб ўтган икки кунлик ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Европа Иттифоқи давлатлари Россия фуқароларига виза беришни тақиқлаш бўйича келишувга эриша олмади. Бунинг ўрнига улар визани соддалаштириш бўйича келишувни бекор қилишга келишиб олдилар, бу эса Шенген визаларини олиш тартибини россияликлар учун қимматроқ қилади ва қийинлаштиради, аммо ЕИга кириш имконияти сақланиб қолади.

Ўз навбатида, Болтиқбўйи мамлакатлари, бошқа Европа Иттифоқи аъзоларининг қарорига қарамай, Россия фуқароларининг киришини миллий даражада чеклашга рози бўлишди. Финляндия Европа Комиссияси даражасида келишиб олинмагунча чекловлар жорий қилмаслигини билдирди.