Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон-Арманистон чегарасида юзага келган кескинликнинг бартараф этилганини олқишлади. Бу ҳақда вазирлик баёнотида хабар берилди.

Келтирилишича, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилувчи мамлакат сифатида Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилгани ва кескинлик бартараф этилганини олқишлайди.

«Ўзбекистоннинг ишончи комилки, барча масалалар ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли бу халқаро ҳуқуқ асосида ва илгари эришилган келишувлар доирасида тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар йўлидир», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, вазирлик мамлакат номидан тинчлик шартларига қатъий риоя қилиниши, ҳар қандай шароитда ҳам вазминликнинг намоён бўлишига умид қилиниши ҳамда томонларни мавжуд аҳволни барқарорлаштириш, вазиятдан чиқиш учун сиёсий ва дипломатик музокаралар олиб боришга даъват этган.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон-Арманистон чегарасида ҳарбий тўқнашув юз берганди. Томонлар ўқ отишни бошлаганликда бир-бирини айблаган.

Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон президентлари шу ҳафта Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этади.