Ўзбекистон президенти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган Покистон бош вазири, Қирғизистон, Туркия, Эрон ва Тожикистон президентлари билан учрашди.
Ўзбекистоннинг АҚШ ва Бразилиядаги элчиси Фурқат Сидиқов ўриндошлик асосида мамлакатнинг Канададаги элчиси бўлди. Элчихоналарнинг қароргоҳи Вашингтонда жойлашган.
Президентнинг махсус вакили Абдулазиз Камилов дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик ҳиссаси учун Япониянинг «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан мукофотланди. Орденга Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳам лойиқ кўрилди.
Амирсаид Аъзамхўжаев Ўзбекистоннинг Польшадаги янги элчиси бўлди. У шу пайтга қадар Истанбулдаги бош консулликка раҳбарлик қилиб келаётганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатарнинг собиқ бош вазири Ҳамад бин Жассим Ол Соний Бухоро ва Тошкентда қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль ва темир йўллар инфратузилмасини барпо этиш масаласини кўриб чиқди.
Глобал таъминот занжирларининг беқарорлашуви ва жаҳон бозоридаги волатиллик шароитида ИҲТ давлатлари ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Бунга савдо, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг минтақавийлашуви ёрдам бермоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz» билан интервьюсида.
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманига Шуҳрат Ахмедов, Тупроққалъа туманига Акмал Жималязов ва Шовот туманига Ойбек Холбоев ҳоким этиб тайинланди.
Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи ва 648 мингта хонадон электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ)га уланмаган. Президент камчиликларни бартараф этиш ва электр энергияси йўқотишларини камайтириш бўйича топшириқ берди.
Италия президенти Сержио Маттарелла 9−11 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Рим учун Тошкент билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Европа ва Узоқ Шарқ, Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик мавқейи сабаб алоҳида аҳамиятлидир, дея қайд этади Agenzia Nova агентлиги.
АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу шу ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюради ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотида иштирок этади. У Қозоғистон ва Ҳиндистонга ҳам боради.
Тошкентда 8−9 ноябрь кунлари Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити ўтказилади. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Туркия ва бошқа давлатларнинг мамлакат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Ўзбекистон президенти ТДТ саммитида сўзлаган нутқида Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш, Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштириш, иштирокчи давлатларнинг темир йўл идоралари кенгаши ва Туркий экология форумини тузишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти аъзоларини афғон халқига ёрдам кўрсатишни сусайтирмасликка, у ердаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган механизмларни ишлаб чиқишга чақирди. «Бизга қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорликида фаол иштирок этадиган Афғонистон керак», — деди президент.
Остонада ўтган саммитда Ўзбекистон президентига «туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатлар манфаатларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган ҳиссаси учун» «Туркий дунёнинг олий ордени» топширилди.
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Исроил-Фаластин можароси ҳақида гапирди. «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатлар ва ўт очишни тўхтатишга ҳамда сулҳ тузишга чақирамиз», — деди у. Президент «икки халқ учун икки давлат» тамойилини қўллаш тарафдори эканини билдирди.
Комилжон Комилов Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Ўзбекистоннинг антик давр, ўрта асрлар ва темурийлар даврини ўз ичига олган маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишди. Франция қиролининг Амир Темурга йўллаган мактуби ҳам экспонат сифатида тақдим этилди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари дарахт экди.
Франция Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясига ишонч билдиради ва бу мамлакатга сармоя киритишини жуда аниқ баён этади, деди Эммануэль Макрон. «Бу икки томонлама сиёсий кафолатдир… Франция сиз томонингизда. Биз барча тармоқлар ва молиявий ресурсларимизни сафарбар қиламиз», — деди у.
Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистондаги уран конларида геологик қидирув ишларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Шавкат Мирзиёев француз компанияларига ислоҳотлар ва очиқ иқтисодиёт сиёсати давом этишига кафолат берди. Республикалар муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқмоқчи.
Ўзбекистон ва Франция президентлари иштирокида саккизта ҳужжат имзоланди. Улар орасида Самарқанд француз альянсини ташкил этиш, ичимлик суви инфратузилмасини яхшилаш, таълим ва маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик кабилар бор.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг