Италия президенти Сержио Маттарелла 9−11 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Италиянинг Agenzia Nova ахборот агентлиги хабарига кўра, Италия президенти Жанубий Кореяга ҳам ташриф буюради. Ҳар икки ташриф «Италиянинг Осиёдаги иштирокини ва ҳозирги халқаро панорамада катта стратегик аҳамиятга эга икки давлат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мақсадида амалга оширилади.

«Маттарелланинг ташрифи ўтган йилнинг июнь ойида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Италия ва Марказий Осиёнинг бешта давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) ўртасидаги маслаҳатлашув механизми доирасида Рим билан муносабатларни босқичма-босқич мустаҳкамлаб бораётган Ўзбекистон ҳукумати томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда», — дейилади агентлик хабарида.

Таъкидланишича, Тошкент билан ҳамкорлик Италия учун, айниқса, мамлакатнинг Европа ва Узоқ Шарқ, шунингдек, Россия ва Хитой каби йирик минтақавий давлатлар ўртасидаги тарихий боғланиш минтақасида жойлашган стратегик мавқейи туфайли алоҳида аҳамият касб этади.

«Шу нуқтаи назардан, Рим Ўзбекистонга Ғарб билан муносабатларни мустаҳкамлашда ёрдам бериши мумкин», — дейилади хабарда.

Икки мамлакат инвестицияларни ҳимоя қилиш ва илмий-маданий ҳамкорлик масаалаларига бағишланган қатор музокаралар ўтказади. Маттарелла ва Шавкат Мирзиёев ўртасида 10 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувда ушбу музокараларнинг бориши баҳоланади.

Шу куни у Турин политехника университетига боради ва ташриф Самарқандда якунланади.

Италия президентга давлат ташрифида унинг қизи Лаура ҳамда ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириэлли ҳамроҳлик қилади.

Ўзбекистонга 1997 йилда Италия президенти Оскар Луижи Скалфаро ҳам ташриф буюрган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ўзбекистон давлат раҳбари Италияга расмий ташриф билан борганди.