АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 4−11 ноябрь кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради, деб хабар бермоқда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.

«Котиб ёрдамчиси Лу сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган биринчи C5+1 президентлар саммити ва октябрь ойида бўлиб ўтган C5+1 минтақавий ҳамкорлик вазирлар йиғилишидаги муваффақиятни мустаҳкамлаш мақсадида АҚШнинг Марказий Осиё бўйича делегациясига бошчилик қилади», — дейилади хабарда.

Лу ўз сафарини Қозоғистонга ташриф билан бошлайди, сўнг Тошкентга боради ва у ерда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқоти йиғилишида Америка делегациясига бошчилик қилади.

Давлат котиби ёрдамчиси Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашиб, минтақавий муаммоларни ҳал қилиш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияни диверсификация қилиш учун икки давлатнинг хавфсизлик соҳасидаги шериклигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Лу инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.

«АҚШ делегацияси Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлганида Қозоғистон ва Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.