Франция президенти Эммануэль Макрон 2 ноябрь куни Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокара якунлари бўйича чиқиш қилди.

Франция раҳбари президент Шавкат Мирзиёев сиёсатини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. «Ҳурматли президент, жуда қисқа ва очиқчасига гапираман. 7 йилдан бери очиқ сиёсат олиб борасиз: минтақада тинчлик ва барқарорликка эришиш, шунингдек, иқтисодий тараққиёт ва барқарорликни таъминлаш сиёсати. Биз эса бу сиёсатга ишонамиз, уни қўллаб-қувватлаймиз ва амалга оширишда сизга ёрдам бермоқчимиз», — деди у.

«Ўтган йили сизни Парижда қабул қилдим, у ерда Лувр музейи ва Араб дунёси институтида иккита кўргазма бўлиб ўтди. Биз олдинга силжидик. 2021 йилда йўлимизни белгиловчи ва кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш имконини берувчи иқтисодий йўл харитасини имзоладик. Жаноб президент ва мен ҳозиргина мамлакатларимиз ўртасида стратегик шерикликни йўлга қўйишга келишиб олдик, [бу ҳақдаги ҳужжат] йил охиригача вазирларимиз томонидан тайёрланади», — деди Франция раҳбари.

франция, эммануэль макрон

Франция етакчисининг фикрича, бу мамлакатлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига олиб келади ва Ўзбекистон ва Франция компаниялари томонидан амалга оширилаётган барча ишларга асос бўлади.

«Мен президентга айтдим: рақамларга қаралса, биз лозим бўлган даражада эмаслигимизни [кўраман]. Агар савдо алоқалари нуқтаи назаридан қаралса, биз [Ўзбекистоннинг ташқи савдосидаги мамлакатлар] орасида биринчи ўнталикка кирамиз, Франция эса мамлакатнинг 16-рақамли етказиб берувчисидир. Шунинг учун мен келгуси йилда [Ўзбекистонга импорт қилувчилар]нинг биринчи ўнталигига ва икки йилдан кейин биринчи бешликка киришни мақсад қилиб қўйишимиз кераклигини айтдим», — деди Эммануэль Макрон.

Франция президенти «агар биз ўз олдимизга қўйган кун тартибини амалга оширсак», бу мақсадга эришиш мумкин, деб таъкидлади. «Демакки, энди бу — ижро масаласи. Буни 2021 йилги йўл харитаси туфайли амалга ошириш мумкин бўлди», — деди у.

Франция президенти кончилик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. Orano компанияси Nurlikum Mining маҳаллий қўшма корхонаси орқали уран қазиб олиш бўйича пилот лойиҳани бошлади.

«Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда тоғ-кон ресурсларини ривожлантириш бўйича кўп ишларни амалга оширишни истаймиз… ҳамда бу борадаги йўл харитаси устида ҳамкорликда ишламоқчимиз», — деди Макрон.

Франция раҳбари «Янги Тошкент»ни ривожлантиришда француз компаниялари алоҳида роль ўйнашини таъкидлаб, Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтиришни режалаштираётган бошқа компанияларга ҳам тўхталиб ўтди.

Томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди, қишлоқ ва сув хўжалигида шерикликни оширишга келишиб олди ва маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолади.

«Франция сиз томонингизда. Кўриб турганингиздек, биз ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун барча секторлар ва молиявий ресурсларни сафарбар қилмоқдамиз, буни Франция тараққиёт агентлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган лойиҳаларнинг кенг портфели, шунингдек, Франция Ғазначилиги кредит ажратиш орқали амалга оширганидек, давлат томонидан тўғридан-тўғри молиялаштиришни сафарбар қилиш тасдиқлайди. Шунингдек, биз ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон суверен фонди (Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси) ва Франция давлат инвестиция банки ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик», — деди Макрон.

франция, эммануэль макрон

Франция президенти Шавкат Мирзиёевга берган ваъдасида тургани учун миннатдорлик билдирди ва «бугун Ўзбекистонда француз тили тобора кўпроқ ўргатилмоқда».

«Биз келгуси йилда муассасаларингизда француз тилини ўргатиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун таълим форумини ўтказишга қарор қилдик… ва биз кўпроқ ўқитувчиларга француз тилини ўргатиш ниятидамиз, шунда керакли ресурсларга эга бўласиз, шунингдек, иқтисодий соҳадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Маданият, таълим, олий таълим масалаларида ҳам шундай қиламиз», — деди у.

Эммануэль Макрон Ўзбекистонда «мисли кўрилмаган даража ва миқдорда»бўлган француз компанияларига мурожаат қилди.

«Айтмоқчиманки, Франция ҳукумати сизнинг стратегиянгизга ишонади ва мамлакатингизга инвестициялар киритишни жуда аниқ эълон қилади. Бу икки томонлама сиёсий кафолат… Франциянинг ҳеч бир президенти Франсуа Миттеран давридан [1994 йилда] бери минтақага ташриф буюрмаган. Бу мутлақо тўғри эмасди. Биз буни тузатамиз… Яшасин икки мамлакатимиз ўртасидаги дўстлик! Сизга омад тилаймиз!» — деди Франция раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Франция компанияларига Ўзбекистон ислоҳотларни ва очиқ иқтисодиёт сиёсатини давом эттиришини кафолатлаганди. Республикалар муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқмоқчи.