Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов 8−9 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида «Газета.uz» мухбирининг тадбир кун тартиби ва мамлакатнинг ундан кутилмалари бўйича саволларига жавоб берди.

— Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТга аъзо бўлган, аммо ташкилот фаолияти унчалик фаол бўлмаган, 2012 йилдан кейин эса олий даражадаги учрашувлар ўтказилмаган. Аммо 2017 йилдан бошлаб давлат раҳбарларининг саммити мунтазам равишда ҳар икки йилда бир марта ўтказила бошланди. Охирги йилларда ИҲТнинг фаоллашгани нима билан боғлиқ?

— ИҲТ — умумий тарих, маданият ва динга эга ярим миллиард инсонни бирлаштирган 8 миллион квадрат километрлик улкан майдон. Унинг ҳудуди бир томондан Ҳинд океани ва Ўрта ер денгизи, иккинчи томондан қитъалараро қуруқлик ва денгиз савдо йўллари ўртасида жойлашган бўлиб, дунёнинг энг стратегик аҳамиятга эга минтақаларидан бири ҳисобланади.

ИҲТ давлатлари бир-бирини тўлдирадиган улкан табиий, интеллектуал, саноат, аграр ва технологик ресурсларга эга. Иқтисодий, савдо, транспорт, энергетика алоқалари ана шу омиллар ва географик омиллар туфайли органик ҳамда табиий саналади.

Иштирокчи давлатлар ўзаро боғлиқликни ва фойдаланилмаган салоҳиятни ишга тушириши зарурлигини, яқинроқ ҳамкорликдан келадиган умумий афзалликларни тобора чуқурроқ англаб етмоқда ва шунингдек, бундан кейинги иқтисодий яқинлашувга ҳам тайёр эканини ва энтузиазмни ҳис қилмоқда.

Глобал таъминот занжирларининг беқарорлашуви ва жаҳон бозорларидаги волатиллик шароитида мамлакатлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётгани мантиқан бутунлай тўғри. Бунга савдо, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг ҳозирда кузатилаётган минтақавийлашуви ёрдам бермоқда.

Бу динамик жараёнларнинг барчаси президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсати ва иқтисодий дипломатияси кескин фаоллашган даврга тўғри келди. Давлат раҳбари ташкилотнинг 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Ашхободдаги саммитида савдо, саноат кооперацияси, экология ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурганди. Уларнинг барчаси умумий манфаат ва интилишларга мос келгани сабаб ташкилотнинг бошқа аъзолари томонидан қўллаб-қувватланганди.

2022 йилнинг ўзидаёқ мамлакатимиз илк бор ташкилотга раисликни ўз зиммасига олди ва уни «ИҲТ доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йили» шиори остида ўтказди. Бу йил эса Тошкент 9 ноябрь куни «Биргаликдаги иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари» шиори остида бўлиб ўтадиган саммитга мезбонлик қилади.

Бундай ёндашув ИҲТ маконидаги муносабатларга сезиларли динамизм бериб, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни амалда мустаҳкамлашга ёрдам берди.

— Маълумки, ИҲТ аъзоси бўлган Афғонистон бу саммитда иштирок этмайди. Сизнингча, Афғонистон қандай шароитларда ИҲТдаги иштирокини тиклаши мумкин?

— Ҳақиқатан ҳам Афғонистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзоси ҳисобланади. Бироқ, мамлакатдаги 2021 йил август ойида кузатилган ички сиёсий ўзгаришлар туфайли у ўшандан бери ташкилот фаолиятида вақтинча иштирок этмаяпти.

Тошкент саммити ИҲТнинг Афғонистон иштирокисиз ўтадиган иккинчи саммити бўлади.

Қолаверса, бу Афғонистон расман аъзо бўлиб қолаётган, лекин уларнинг жорий фаолиятида иштирок этмаётган бошқа минтақавий ва халқаро тузилмаларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва фаровон давлатга айланиши ташкилот маконида барқарор иқтисодий ривожланишга эришишнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди ва барча ИҲТга аъзо давлатлар сингари Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувидан манфаатдор.

Аммо Афғонистоннинг ИҲТ фаолиятида тўлақонли иштирок этиши ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида умумий келишув бўлганда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, халқаро ҳамжамият томонидан ушбу давлатнинг муваққат ҳукумати тан олинганидагина мумкин бўлади.

— Ушбу ташкилот доирасида Ўзбекистон учун қайси масалалар устувор ҳисобланади? Ўзбекистон ИҲТ доирасидаги ҳамкорликдан нимани кутмоқда?

— Ўзбекистон учун мамлакатимиз иштирок этаётган ҳар қандай кўп томонлама тузилмадаги устувор йўналишлар ва кутилмалар давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати бошида турган ягона мақсадга асосланади — халқаро ҳамкорликдаги аниқ лойиҳаларини амалга ошириш йўли билан республиканинг имкониятлари ва салоҳиятини реализация қилиш ҳамда бу орқали халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш.

Шу нуқтаи назардан, ярим миллиарддан ортиқ аҳолига эга ИҲТ макони савдо ва транспорт алоқаси томондан бизда катта қизиқиш уйғотади.

Биз аввало иштирокчи давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдормиз, чунки маҳсулотимизни экспорт қилишнинг ҳар бир имконияти янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва иш ўринлари яратиш учун ресурс саналади. Шу сабабли биз платформа доирасида савдо ҳажмини ошириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ҳамда товарлар ва хизматлар ҳаракатини соддалаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларни илгари суриш ниятидамиз.

ИҲТдаги фаолиятимизнинг яна бир устувор йўналиши транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини кенгайтиришдан иборат. Бу биз каби денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган бошқа аъзо давлатлар учун ҳам устувор йўналиш саналади.

Бу икки асосий устувор йўналишдан ташқари, Ўзбекистоннинг ИҲТ доирасидаги ҳаракатларининг саноат кооперациясини ривожлантириш, энергетика, туризм, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, маданий-гуманитар ҳамкорлик каби асосий йўналишларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Ўзбекистон ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилиши ИҲТ маконида иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайдиган аниқ дастурлар ва йўл хариталарини қабул қилишни таклиф қилмоқда.

— 2021 йилда таклиф қилинган божхона жараёнларини рақамлаштириш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича савдо келишуви ҳозир қайси босқичда?

— Савдо — ИҲТ кун тартибидаги асосий устувор йўналишлардан бири ва бу мантиқан бутунлай тўғри. Бу ердаги жорий кўрсаткичлар аъзо давлатларнинг реал имкониятларини, айниқса, уларнинг умумий салоҳиятини инобатга олгандаги имкониятларини акс эттирмайди.

2022 йилда бу кўрсаткич 80 миллиард доллар деб қайд этилди, бу ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил этади.

Минтақалараро савдони ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида ИҲТ котибияти томонидан Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битим ишлаб чиқилди, бу бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 22 июнь куни Анқарада бўлиб ўтди. Унда мазкур ҳужжат юзасидан келишувга эришиш жараёнини тезроқ якунлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Томонларда бу борада якдил тушунча мавжуд, чунки мазкур битимнинг кучга кириши минтақавий электрон савдо тармоғи ишга туширилиши орқали божхона маъмурчилиги, санитария ва фитосанитария назорати, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш бўйича ягона платформани яратиш имконини беради. Бундай чора-тадбирлар минтақада савдо механизмини либераллаштиришга, якунда эса минтақавий товар айланмасини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.

Энг муҳими, томонлар ўртасида якдил тушунча ва умумий манфаатдорлик мавжуд, бу эса биргаликда олдинга интилишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

— Ўзбекистонни океанга олиб чиқиши мумкин бўлган энг қисқа йўл ИҲТга аъзо давлатлар орқали ўтади. Саммит доирасида Ўзбекистонга бу борада аниқ таклифлар борми? Ўзбекистон минтақада транспорт коммуникацияларини яхшилаш учун қандай чораларни таклиф қилади?

— Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш ИҲТдаги барча ҳамкорларимиз учун фойдали, чунки мамлакатимиз минтақадаги транспорт алоқасининг ажралмас қисми ҳисобланади, айниқса Шарқ ва Ғарбнинг йирик бозорларини боғловчи йўналишларни яратиш масаласида гап борганда.

Ўзбекистоннинг «кўприк» сифатидаги муҳим ролининг амалий ифодаси яқинда Тошкентда бўлиб ўтган транспорт вазирлари йиғилиши якунлари бўйича «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия» мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш тўғрисидаги баённоманинг қабул қилиниши бўлди. Биз ушбу ҳужжатга ташкилотнинг бошқа аъзолари ҳам қўшилади деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон ўз ҳамкорларига «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» ва «Трансафғон коридори» темир йўл лойиҳаларига жиддий эътибор қаратишни таклиф этмоқда, чунки улар барча аъзо мамлакатлар манфаатларига мос келади.

Ташкилотнинг 15-саммитида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан илгари сурилган тегишли минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш бўйича ишлар тезроқ якунланишини кутяпмиз.

— Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинадими? ИҲТга аъзо давлатлар Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича ишларни координация қилиши мумкинми?

— Яқин Шарқдаги воқеалар саммит кун тартибида масалалардан бўлиши кўзда тутилмаяпти, чунки ИҲТ моҳиятан сиёсий ташкилот ҳисобланмайди ва асосан иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Бироқ иштирокчилар ўз чиқишларида Фаластин-Исроил можароси бўйича ўз позицияларини баён этишлари ва можарони ҳал қилиш бўйича таклифларини илгари суришлари мумкинлиги истисно қилинмаган.

Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамига келсак, ушбу масалада халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масаласи билан БМТнинг ихтисослашган тузилмаси — Яқин Шарқ агентлиги шуғулланади. Бу тузилма билан, шу жумладан, ИҲТга аъзо давлатлар ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон президенти ҳам яқинда Ғазо аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун шу агентликка 1,5 миллион доллар ўтказиш бўйича қарор қабул қилганди.