Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни Қатарнинг собиқ бош вазири, ушбу мамлакатдаги қатор йирик инвестиция ва саноат холдинглари асосчиси Ҳамад бин Жассим Ол Сонийни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди, дейилади хабарда. Бухоро шаҳрида замонавий меҳмонхона мажмуаси, Тошкент шаҳрида йирик логистика маркази, савдо ва турар-жой мажмуасини қуриш, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль ва темир йўллар инфратузилмасини барпо этиш, аэропортларни модернизация қилиш, шунингдек, энергетика, металлургия, тўқимачилик саноати, чорвачилик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан.

Ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма фонд ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

Хабарда лойиҳалар қўшма «йўл харитаси» асосида амалга оширилиши қайд этилди.