Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро масаласига тўхталди.

«Бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. Айниқса, Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил-Фаластин муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти қуролли тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар ўртасида ҳалок бўлиш ва жароҳатланганлар сони кескин ошганини таъкидлади.

«Шу муносабат билан биз томонларни жанговар ҳаракатларни ва ўт очишни зудлик билан тўхтатишга ва сулҳ тузишга чақирамиз. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони „икки халқ учун икки давлат“ тамойили асосида ҳал этишдир. Фаластин халқи, БМТ резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо ҳуқуқига эга», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарининг қўшимча қилишича, ташкилот доирасида иштирокчи давлатлар раҳбарлари «бу масала бўйича якдил ва қатъий позиция»ни бутун дунёга эълон қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 28 октябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш» тўғрисидаги резолюциясини 120 та давлат қаторида қўллаб-қувватлаганди.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги можаро томонларини қуролли қарама-қаршиликни тўхтатиш ва инқирозни сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирган.

Яқинда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига 1,5 миллион доллар ажратганини маълум қилганди.