Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 16 май куни Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари, жумладан, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раҳбари Виктор Маҳмудовни қабул қилди, деб хабар берди Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.

Бу Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи учрашуви эди. Қосим-Жомарт Тоқаев ташқи ва ички таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш, шунингдек, зарур жавоб чораларини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун самарали платформага айланишини таъкидлади.

марказий осиё, қозоғистон, қосим-жомарт тўқаев

Аксарият замонавий чақириқ ва таҳдидлар трансчегаравий хусусиятга эга, шунинг учун уларга қарши курашиш умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилади, деди Қозоғистон президенти.

«Гап, биринчи навбатда, халқаро экстремизм ва терроризмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига, қурол-яроғ савдосига қарши кураш ҳақида бормоқда. Бу борада Афғонистон умумий эътиборимиз марказида бўлиши керак. Бу мамлакатда мураккаб кўп йўналишли жараёнлар содир бўлмоқда. Тан олиш керакки, бу мамлакатда иқтисодий вазият барқарорлашуви ва тикланишининг маълум белгилари мавжуд. Бошқа томондан, халқаро террорчилик ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ юқори хавфлар сақланиб қолмоқда, буни Москвадаги қонли теракт ҳам кўрсатмоқда», — деди у.

Қозоғистон раҳбари Афғонистонни минтақавий алоқаларга фаол жалб этиш ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Қосим-Жомарт Тоқаев «минтақа давлатларини бир-бирига қарама-қарши қўймоқчи бўлган ва уларни бўлмоқчи бўлган ташқи кучларга биргаликда қаршилик кўрсатишга» чақирди. «Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, биз бундай ёндашув ва уринишларни қатъиян рад этамиз. Умуман олганда, мамлакатларимизда ўзаро мақбул ечим топа олмаган муаммоларимиз йўқ ва бўлмаслиги ҳам керак. Ишончим комилки, муштарак ҳаракатлар ва ўзаро ёрдамнинг уйғунлигигина қардош халқларимиз фаровонлигига йўл очиб беради», — деди у.

Виктор МаҳмудовВиктор Маҳмудов

Тадбирда Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетов, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Махмудзода ва Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Аннамират Ягмиров ҳам иштирок этди.