Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида мамлакатга ташриф буюрган қатор давлат раҳбарлари билан учрашди.

Хусусан, президент бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон Ислом Республикаси делегацияси билан музокара ўтказди. Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлашнинг масалалари муҳокама қилинди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Турли даражаларда фаол мулоқот олиб борилаётгани қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми йил бошидан буён 40 фоизга ошгани айтилди.

2024−2025 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун савдо тўсиқларини бартараф этиш ва қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.

«Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашув ўтказди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Унда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар. Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Бундан ташқари, 8 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашуви бўлиб ўтди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йил бошидан 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинди, 200 дан зиёд янги корхоналар ташкил этилгани қайд этилди.

Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Шу билан бирга, 9 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Ўзаро мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Илгари олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, логистикада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Эрон раҳбарлари маданий-гуманитар ва илм-фан соҳасидаги алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.

Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан Афғонистондаги бугунги вазият нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам музокара ўтказди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида мувофиқлашган ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан ҳам учрашув ўтказди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Суҳбат аввалида Туркманистон президенти туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари ҳамда олий даражадаги келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва чуқурлашган стратегик шериклик изчил ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Икки мамлакат президентлари минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.

Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.

давлат раҳбарлари, иҳт

Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари қайд этилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари амалий ҳамкорлик дастур ва лойиҳаларини илгари суриш борасида биргаликдаги ишларни жадал давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.