8−9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Саммит дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 1985 йилда асос солинган, унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Эроннинг Теҳрон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТга аъзо бўлган.

ИҲТнинг 15-саммити Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтганди. Унда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, 500 млн аҳоли яшайдиган ИҲТга аъзо давлатларини савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга чақирган. Шунингдек, давлат раҳбари иштирокчиларни навбатдаги саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.

Аввалроқ Тошкентда бўлиб ўтадиган саммит муносабати билан бир қатор марказий кўчаларда транспорт ҳаракати чекланиши ҳақида хабар бергандик. Шаҳар марказида юк машиналари ҳаракати ҳам қисман тақиқланади.