Олий Мажлис Сенати эллик иккинчи ялпи мажлиси 18 май, шанба куни бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227−1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолиятини, шунингдек, ижро ишини юритиш ҳамда баҳолаш фаолиятини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунларни муҳокама қилиш назарда тутилган.

Мажлис кун тартибидан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш, спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш, Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220−1-моддасига қўшимча киритиш хусусидаги қонунлар ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатларга қўшилиши ҳамда уларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Навбатдаги ялпи мажлисда Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳамда Вазирлар Маҳкамасига яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф муҳитга салбий таъсири юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.