Ўзбекистонда 100 мингдан ошиқ улгуржи истеъмолчи (умумий истеъмолчининг 28 фоизи) ва 648 мингта янги хонадон электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ)га уланмаган. Бу ҳақда ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум бўлди.

Бундан ташқари, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилгани билан, 170 мингдан зиёд абонентларнинг автоматлашган тизим билан алоқаси йўқ. Давлат раҳбари соҳа мутасаддиларига барча улгуржи истеъмолчиларни ЭҲНАТ тизимига улаш бўйича топшириқ берди.

2021 йил охиригача 7 миллион истеъмолчини ЭҲНАТга улаш ва тизим қамровини 100 фоизга ошириш режалаштирилган эди. ЭҲНАТни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион долларлик кредитидан фойдаланиш белгиланганди.

Электр ҳисоблагичларни етказиб бериш учун тендерсиз «Электрон хисоблагич» (60 фоизи Хитойнинг Holley Technology компанияси тегишли бўлиб, у ҳам ҳисоблагичлар ишлаб чиқаради) ва «Тошелектроаппарат» маҳаллий компаниялари танлаб олинган. 2019 йилнинг июль ойида битта қурилмани ўрнатиш «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасига 770 минг сўмга тушган.

Йиғилишда таъкидланганишича, сўнгги беш йилда мазкур тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. 2023 йилда Тошкент шаҳридаги энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича катта дастур бошланди.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда куз-қишни беталафот ўтказиш учун камида 10 миллиард сўмдан захира шакллантирилмоқда. Бу маблағалар эвазига трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар янгилаб борилади.

Умуман, ҳудудлардаги 33 мингта трансформатор ва 122 минг километр электр тармоқлари эскирган. Бу ҳолат, айниқса, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятларида кўп. 2023 йилнинг 9 ойида жами ишлаб чиқарилган электрнинг 12 фоизи йўқотилган. 20 та туманда йўқотишлар ҳажми республика ўртача кўрсаткичидан 1,5 баробар (18 фоиз) кўп.

Давлат раҳбари электр энергиясидаги йўқотишларни камайтириш бўйича ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари билан бирга вилоят прокурорлари ҳам жавобгар бўлишини таъкидлади.

Айрим ҳудудларда қозонхона ва иссиқлик тармоқларини таъмирлашда қолоқликлар борлиги айтиб ўтилди. Ижтимоий соҳа муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолати ҳам яхши эмас. Энергия сарфи юқори бўлган қозонларни янгилаш режаси тиббиёт муассасаларида 62 фоизга, боғчаларда 54 фоизга, мактабларда 40 фоизга бажарилган, холос.

Президент 2023 йилда электр энергияси йўқотишларини 1−2 фоизга, 2026 йилга бориб жами йўқотишлар ҳажмини 8 фоизга тушириш шартлигини таъкидлади.