Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади. Унинг нутқи давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари ўз нутқини қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги даъвати билан бошлади: «Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа — янада юксалгайсан!»

«Ушбу ибратли сўзлар бугунги шиддатли замонда — Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган бир даврда албатта чуқур маънога эга. Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Қозоғистон халқини яқинда кенг нишонланган мамлакат миллий байрами — Республика куни, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанни ва бутун турк халқини Республика эълон қилинган куннинг 100 йиллик тантаналари ва Озарбайжон халқини мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тиклангани билан табриклади.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. 160 миллион аҳолини қамраб олган ташкилот ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир. «Бизнинг мамлакатимиз Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман», — деди президент.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Исроил-Фаластин можароси ҳақида ҳам гапирди. «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатлар ва ўт очишни тўхтатишга ҳамда сулҳ тузишга чақирамиз», — деди у. Президент «икки халқ учун икки давлат» тамойилини қўллаш тарафдори эканини билдирди.

Шавкат Мирзиев саммитда кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари сурди.

Биринчидан, «Ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш бош мақсадимиз», — деди у.

Шу муносабат президент Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган «Туркий дунё хартияси»ни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу ўзига хос рамзий қомусни «соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлаш» таклифини берди.

Иккинчидан, шу кунларда Туркий инвестиция фонди ўз ишини бошлайди. «Давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кейинги босқичда Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини ҳам фаоллаштиришимиз керак. Ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Учинчидан, Ўзбекистон раҳбари Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллашини айтди. «Келгусида Марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур», — деди у.

Тўртинчидан, Ўзбекистон юк ташувларига ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш чораларини қўллаб-қувватлайди, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент Ўзбекистон қўшимча кўптармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатлар орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш тарафдори эканини маълум қилди. «Давлатларимиз Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этишни ва бу тузилманинг дирекциясини юртимизда жойлаштиришни таклиф этамиз», — деди президент.

Бешинчидан, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Қадимдан аждодларимиз она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшаганлар. Афсуски, бугунги кунда табиатга нисбатан истеъмолчилик кайфияти кучайиб бормоқда. Иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келаётган турли муаммолардан бутун инсоният қаттиқ азият чекмоқда. Бундай ҳолат барчамиздан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумининг тузилиши бу йўлда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Бундай таъсирчан механизм Ташкилотимиз фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган режаларимизга мосдир», — деди давлат раҳбари.

Олтинчидан, «Туркий цивилизацияни юксалтириш ғояси технологик тараққиёт ва илғор билимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлиқдир. Ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшларимиз истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишончим комил. Бу йўлда уларга буюк аждодларимиз яратган илмий кашфиётлар ва маънавий мерос мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ўтган асрда яшаган жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш юзасидан аъзо мамлакатларда катта ишлар амалга оширилмоқда.

туркий давлатлар ташкилоти, шавкат мирзиёев

«Ана шу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган „Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари“ мавзусидаги халқаро анжуманда вакилларингизни фаол иштирок этишга таклиф этамиз. Шу билан бирга, янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти аъзоларини афғон халқига ёрдам кўрсатишни сусайтирмасликка, у ердаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

«Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак», — деди президент

«Бугун қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ва қарорлар, жумладан, саммит декларацияси ҳамда Остона акти мамлакатларимизнинг ёрқин туркий келажак сари навбатдаги дадил қадамлари бўлишига ишонаман. Ўз тарихи давомида кўп-кўп синовларни бошидан кечирган ва уларга биргаликда ечим топган қардош халқларимиз келгусида ҳам буюк ишларни амалга ошириши шубҳасиз», — деди Шавкат Мирзиёев нутқи якунида.