Президент ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини октябрда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилди.
Президент вазирлар Самарқандда 10 кун қолиши ҳамда соҳалардаги муаммоларни ўрганиши ва улар бўйича ечим таклиф қилиши кераклигини таъкидлади. «Сизлар чой ичиб, Самарқанд ошини еб кетиш учун келганингиз йўқ. 10 кун шу ерда қолиб вилоятдаги ҳолатни яхшилаш учун ишлайсиз», — деди давлат раҳбари.
Самарқанд шаҳрини 1 млн аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун 4 та туман ҳудудидан 18 минг гектар ер майдони қўшиб берилади. Бундан ташқари, шаҳар таркибида 5 та янги туман ташкил этилади.
Самарқанд вилоятида Маҳаллабай ишлаш маркази ташкил этилиб, унда ҳар учта маҳаллага биттадан инспектор бириктирилади. «Инспекторлар маҳалла раисининг тадбиркорлик ва томорқа бўйича ўринбосари билан ёнма-ён туриб, кечаю-кундуз ишлайди. Бу „Самарқанд тажрибаси“ бўлади», — деди президент.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигида 2020 йил давомида энг кўп коррупция ҳолатлари кузатилган.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Қорасув мавзесида уй-жой қурилиши билан танишди. Давлат раҳбари қурувчи ташкилотнинг сифат учун масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтирадиган механизм ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мажмуа лойиҳасига кўра, у ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, зиёратчилар учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ, автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига йўл олди. Сафар чоғида — шаҳар ва туманлардаги саноат корхоналари, туризм мажмуалари, транспорт инфратузилмаси, янги уйларни бориб кўриш режалаштирилган.
Адлия вазирлиги Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказди. Ташкилот ваколатхонаси 2006 йилда ёпилган эди.
Швецияда Ўзбекистоннинг тўлақонли дипломатик ваколатхонаси очилиши кутилмоқда. Элчихонанинг фаолияти Швеция ва бошқа Скандинавия давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга қаратилади. Шу ўринда, Ўзбекистоннинг Афинадаги дипломатик ваколатхонаси фаолияти тугатилади.
Ўзбекистон президенти Покистон бош вазири Имрон Хон билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасида авиақатновларни қайта тиклаш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш, виза режимини соддалаштириш, транспорт-транзит ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Покистоннинг Serene Air компанияси Ўзбекистонга чартер рейсларини бошлашни режалаштирмоқда.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. Дастур пандемияни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий маданият ва сайловчилар фаоллигини ошириш, АКТни сайлов жараёнига жорий этиш ва сайловга тайёргарлик вазифаларини белгилайди.
Пайариқ туманида фуқаро ўз хонадонида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйин ташкил этгани аниқланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан иш очилиб, у процессуал тартибда ушланди.
Алишер Инаков янги ташкил этилган Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори бўлди. Шу билан бирга, агентликнинг 2 ўринбосари ҳам тайинланди.
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Давлат божхона қўмитасида турли лавозимларда ишлаб келган Бахтиёр Раҳимов инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.
Президент бошчилигида ўтаётган видеоселекторда 1 майдан талабаларга ижара тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши таъкидланди. Бунинг учун 100 млрд сўм ажратилади. «Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев ҳокимларнинг ёшлар бўйича ҳар 15 кун, 1 ойда нима ташаббус кўрсатганига қараб фаолиятига баҳо берилиши, шунга қараб ишда қолиш-қолмаслиги ҳал этилишини таъкидлади. «27 йил ёшларни ўқитмадик, дардига қулоқ тутмадик. Ёшлар биздан 20 баравар илгарилаб кетди», — деди давлат раҳбари.
Сешанба кунги видеоселекторда ёшлар билан ишлай олмагани учун бир вилоят ҳокими ўринбосари ва иккита туман ҳокими, бир қанча прокурор, ички ишлар бўлими бошлиқлари ва солиқ идоралари раҳбарлари ишдан олинди. «Ишдан кетганлар маошини давлатга қайтариб бериши керак. Пулни болалар уйига олиб бориш лозим», — деди президент. Қолаверса, «1+1» дастури орқали 1 млн ёшлар қамраб олинмаса Адҳам Икрамов ва Дилмурод Қосимов ҳам ишдан бўшатилиши айтилди.
Президент видеоселектор йиғилишида вилоятлар ҳокимлари ёшлар билан ишлашни пахта, ғалла экишдек деб ўйлаётганини таъкидлади. Айни шу сабаб йил давомида иккинчи маротаба ёшлар масаласида йиғилиш ўтказилаётгани қайд этилди. Давлат раҳбари ёшлар билан ишлашни муносиб ташкил қилмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Чори Бегимқулов ишдан олинишини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10−12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тожикистоннинг маҳаллий ОАВлари хабар берди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг