Президент Шавкат Мирзиёев Самаранд вилоятида бўлиб ўтаётган йиғилишда вазирларни 10 кун қолиб, муамоларни ечиш бўйича таклиф бериши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Президент вазирларга 10 кун Самарқандда қолиб, ўзларига тегишли соҳалардаги муаммоларни ўрганиши ва ечими бўйича таклиф киритиши кераклигини айтди.

«Тошкентдан келган вазирлар вилоятга келади-да, худди Самарқанддаги раҳбарлар айбдордек қарайди. Сизлар чой ичиб, Самарқанд ошини еб кетиш учун келганингиз йўқ. 10 кун шу ерда қолиб вилоятдаги ҳолатни яхшилаш учун ишлайсиз… Шу ерда ҳам соҳа бўйича раҳбарларинг борку! Бирга ишланглар. Бировнинг эмас, ўзингиз раҳбар бўлган тизим бўйича йил якунида вилоятда натижа қандай бўлади? Мана шунга жавоб топасизлар», — деди президент.

Давлат раҳбари вазирлар йил охирида ўзига тегишли соҳада натижа қандай бўлиши борасида аниқ тасаввур ҳосил қилишлари лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича 5 йилда энг камида 10 тадан қарор ва фармон қабул қилингани айтилди. Бунинг ижросини таъминлаш, натижага эришиш жуда машаққатли ва масъулиятли вазифа экани қўшимча қилинди.

Давлат раҳбари маҳаллаларда турли хил хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берди. Марказий банк раиси Мамаризо Нормуродовга банклар билан бирга вилоятда оилавий тадбиркорлик учун мослаштирилган 625 млрд сўмни ўрнига 900 млрд сўм кредит ажратишни ташкил этиши лозимлиги айтилди.

Маҳаллаларнинг ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўсиш нуқталарини белгиланади. Бу ишларни пастда самарали ташкил этиш учун тегишли вазирлар ва банк раислари бириктирилади.