Президент Шавкат Мирзиёев Швецияда Ўзбекистоннинг тўлақонли дипломатик ваколатхонасини ташкил этиш тўғрисида қарорни имзолади, дея хабар бермоқда «Нигоҳ».

Элчихонанинг фаолияти Швеция ва бошқа Скандинавия давлатлари билан ўзаро муносабатларни ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилади.

Шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, Европанинг етакчи компанияларидан инновация, сармоя ва технологияларни жалб қилиш, шунингдек, таълим соҳасида илғор Скандинавия тажрибасини жорий этиш бўйича тавсияларни чуқур ўрганиш ва ишлаб чиқиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Стокгольмга Ўзбекистон элчиси сифатида ким юборилиши ҳақида ҳали маълумот берилмаган.

Маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг Афинадаги (Греция) дипломатик ваколатхонаси фаолияти тугатилади.

Бугун президент давлат раҳбари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Линде бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.