Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича видедоселектор ўтказилмоқда.

Блогер Азиза Қурбонованинг ёзишича, давлат раҳбари вилоятлар ҳокимлари ёшлар билан ишлай олмаётганини таъкидлаган.

«Жойлардаги туман, шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Ёшлар масаласи қандай муҳим эканини тушунмаяпти. Ёшларимизга ёрдам бериб, елкадош бўлишни хоҳламаяпти. Нега айни шу мавзуда йил давомида 2 та селeктор ўтказдим? Чунки, мен ишларнинг боришидан мутлақо норозиман. Жойларда савия йўқ. Ёшлар биздан 10−20 марталаб илгарилаб кетган. Ҳозирги замонга муносиб иш қила олмаяпмиз. Бирорта ташаббус йўқ. Кўп вилоятлар ҳокимлари бу [ёшлар билан ишлаш — таҳр.] пахта, ғалла экишдек деб ўйлаяпти», — деди президент.

Давлат раҳбари ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш масаласини ҳам танқид қилган.

Жумладан, «1+1» дастури доирасида 100 минг нафар ёшларни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш топшириғи берилган. Бироқ, 3 ойда фақат 21 минг ёш ўқитилган.

Йиғилиш давомида айрим раҳбарларга қатъий огоҳлантириш ҳам берилган.

Ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун:

  • Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Чори Бегимқулов;
  • Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев;
  • Улуғнор тумани ҳокими Дониёрбек Махсудов;

Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрмагани учун:

  • Шофиркон тумани прокурор;
  • Қамаши тумани прокурори;
  • Хива ички ишлар бўлими бошлиғи;
  • Чуст тумани ички ишлар бўлими бошлиғи;

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда сусткашликка йўл қўйгани учун:

  • Хўжайли тумани солиқ идораси раҳбари;
  • Ангор тумани солиқ идораси раҳбари лавозимидан озод этилади.