13 апрель куни ўтказилган видеоселекторда ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Чори Бегимқулов, Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев ва Улуғнор тумани ҳокими Дониёрбек Махсудов лавозимидан озод этилгани ҳақида ёзган эдик.

Мазкур йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев улар маошларини давлатга қайтариши кераклигини таъкидлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ишдан кетган ҳар бири олган маошини давлатга қайтариб бериши керак. Пулни болалар уйига олиб бориш лозим. Улар хоинлар… Энди ҳудди шундай тартиб бўлади», — деди президент.

Бундан ташқари, йиғилишда ССП раиси Адҳам Икрамов тадбиркор ёшлар билан ишлашни тизимли ташкил этмаган Савдо-саноат палатасининг Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарларини лавозимидан бўшатиши лозимлигини айтилди.

Адҳам Икрамов, Дилмурод Қосимов, Нозим Хусанов, Холхўжаев ва «Микрокредитбанк» раиси Бўтаев қатъий огоҳлантирилиб, уларга вазиятни ўнглаши учун 3 ой муддат берилди.

«Адҳам Икрамов, Дилмурод Қосимов „1+1“ дастури орқали 1 млн ёшларни қамраб олиб, натижа кўрсатиши шарт. Акс ҳолда, лавозимидан олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «ёшлар муаммоларини фақатгина Ёшлар агентлиги ёки Ёшлар иттифоқининг ўзи ҳал қилади, деб ўйласак, хато бўлади».

Президент ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб даромад олиши учун шароит яратиб бериш — энг муҳим вазифа ҳисобланишини таъкидлади.

«Яна бир бор такрорлайман, бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз, бу — тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир», — деди у.

Биринчи чоракда 12 минг нафар «ёшлар дафтари»га кирганларга 255 миллиард сўм кредит ажратилди.

Давлат раҳбари улар мустақил равишда тадбиркор бўлиб, «оёққа» тура оладими, деган саволга ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва соҳага масъуллари ҳар куни ўйлантириши кераклигини айтди.

Шавкат Мирзиёев айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори, ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

«Республика бўйича 648 минг нафар ишсизлар «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлса, шундан биринчи чоракда 283 минг ёшларнинг бандлиги таъминланди. Бу жуда паст», — деди президент.

  • Хусусан, 175 минг нафар ёшларга 45 минг гектар ер майдони ажратилди;
  • 76 минг нафар ёшлар доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилди;
  • 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллиард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилди.

Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча турли тўгараклар ташкил этилиб, 874 мингга яқин ёшлар жалб этилди.

«Беш муҳим ташаббус» доирасида 97 мингта маданият, спорт инвентарлари ва компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига етказиб берилди.

Мисол учун, Андижон вилоятида 80 минг нафар ишсиз ёшлардан, биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган.

«Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжуд. Жалақудуқ, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳрида бўш иш ўринларига жойлаштиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Худди шу каби, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар бор», — деди президент.

Айниқса, Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафари, Наманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафари, Тахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган, холос.

Шунингдек, ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун Бандлик жамғармасидан 7 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланган бўлса-да, Қашқадарёда бор-йўғи 5 нафар, Андижонда 11 нафар, Қорақалпоғистонда 76 нафар ёшларга субсидия ажратилган.

«Олдинги йиғилишда Икрамов, Холхўжаев ва „Микрокредитбанк“ (Бўтаев)га „1+1“ дастури доирасида 100 минг нафар ёшларни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш топшириғи берилган эди. Лекин, Икрамов ва унинг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил эта олмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мисол учун, уч ойда республика бўйича 21 минг нафар ёшлар тадбиркорликка ўқитилган (вилоятлар кесимида ўртача 1,5 минг нафар), Тошкент шаҳрида атиги 1 мингта, Наманганда эса 1 минг 100 та сертификат берилган.

Бухорода эса, бор-йўғи 216 нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали 6,2 миллиард сўм кредит ажратилган (ўқитилганларнинг 20 фоизи).

Бу ҳолат имтиёзли кредитларни ажратишдан аввал, ёшларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга етарли эътибор берилмаётганидан далолат.

Бундан ташқари, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш Сурхондарё вилоятида 30 фоизни (15 минг 500 нафар) ташкил этиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткич.

Худди шу каби, Хўжайлида атиги 16 нафар (2 минг нафар ёшлар ишсиз), Фурқатда 27 нафар (2,1 минг нафар), Улуғнорда 78 нафар (3,7 минг нафар), Ангорда 82 нафар (3,4 минг нафар) ишсиз ёшлар «1+1» лойиҳаси билан қамраб олинган.

Ёшлар билан етарли иш олиб борилмагани оқибатида, улар ўртасида жиноятчилик Сурхондарёда 70 фоизга ошган (239 та жиноят).

Бу борадаги аҳвол Шофиркон, Қамаши, Хива ва Чуст туманларида ҳам қониқарсиз.