Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2020 йилда энг кўп коррупция ҳолатлари кузатилган вазирликлар маълум қилинди.

Агентлик масъул ходими Бекзод Раҳмоновнинг маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигида 2020 йил давомида энг кўп коррупция ҳолатлари кузатилган.

Шунингдек, маълум қилинишича, Халқ таълими тизимида жами 78 млрд сўм молиявий хато ва камчиликлар, ноқонуний ўзлаштиришлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларига йул қўйган 214 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 34 нафар масъул мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган ва 22 млрд сўм бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши олди олинган.