Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 13 апрель куни ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

«Газета.uz» мухбирининг хабар бериича, йиғилишда республика бўйича 648 минг нафар ишсизлар «Ёшлар дафтари»га киритилгани, биринчи чоракда 283 минг ёшнинг бандлиги таъминлангани қайд этилди.

Шундан:

  • 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган;
  • 76 минг нафар ёш доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган;
  • 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 млрд сўм кредит,
  • 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилган.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча турли тўгараклар ташкил этилиб, 874 мингга яқин ёшлар жалб этилди.

«Беш муҳим ташаббус» доирасида 97 мингта маданият, спорт инвентарлари ва компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига етказиб берилди.

Шавкат Мирзиёев мазкур вазифалар белгилаб берилганига қарамай, айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини кескин танқид қилди.

«Биз йил бошида ёшлар масаласини бежиз Давлат хавфсизлик хизматига топширмаган эдик. Бу борадаги ўрганишлар жойларда савия йўқлигини кўрсатди. Туман, шаҳар ҳокимлари, ҳозирги замон талабига мос иш қилолмаяпти, ректорлар номига юрибди. Нимага ректор ёшлар билан учрашди, 2−3 та талабани ишли қилди, деган гапни эшитмаймиз? Ёки ректорлар нега талабалар турар жойларига бориб санъат арбоблари билан учрашув ўтказмайди, нимага таклиф бермайди? Ота-оналар ректорларга қараб турганда нега улар ташаббус билан чиқмайди? Чунки ҳеч ким ёмон кўрингиси келмайди, амалда ҳамма ўзига яхши бўлишини хоҳлайди», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев президентнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитовда талабчанлик етишмаётганини, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов фаолиятида натижа кўринмаётганини танқид қилди.

Йиғилишда Андижон вилоятида 80 минг нафар ишсиз ёшдан биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган. Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Жалақудуқ, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳрида бўш иш ўринларига жойлаштиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Худди шу сингари, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафари, Наманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафари, Тахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган.

Давлат раҳбари, ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун Бандлик жамғармасидан 7 млн сўмгача субсидия ажратилиши белгиланган бўлса-да, Қашқадарёда бор-йўғи 5 нафар, Андижонда 11 нафар, Қорақалпоғистонда 76 нафар ёшларга субсидия ажратилганини қайд этди.

Президент ҳокимларнинг ёшлар бўйича ҳар 15 кун, 1 ойда нима ташаббус кўрсатганига қараб фаолиятига баҳо берилиши, шунга қараб ишда қолиш-қолмаслиги ҳал этилишини таъкидлади.

«27 йил ёшларни ўқитмадик, дардига қулоқ тутмадик. Ёшлар биздан 20 баравар илгарилаб кетди. Уларга етиш учун кўпроқ ишлаш, ўрганиш керак. 2−3 йил олдин тизим йўқ эди, кейинги пайтларда етарли қарорлар қабул қилдик. Энди ҳар бир мактаб, коллеж, техникум, ҳунар-техника мактаблари директорлари ташаббус билан чиқиши керак», — деди президент.