Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10−12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлади, дея хабар берди «Азия-Плюс» Тожикистон ҳукуматидаги манбасига асосланган ҳолда.

Давлат раҳбарлари ўзбек-тожик муносабатларининг барча соҳалардаги истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Ташриф якунларига кўра, икки мамлакат ўртасида транспорт, энергетика, савдо, молия, қишлоқ хўжалиги, маданият ва илм-фан соҳаларида янги шартномалар тўплами имзоланиши режалаштирилган.

Душанбега ташриф доирасида икки давлат санъат усталарининг қўшма концерти — «Шоми дўсти» (Дўстлик оқшоми) ҳам бўлиб ўтади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Тожикистонга тўртинчи ташрифи бўлади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2018 йил март ойида, сўнг 2018 йил сентябр ойининг охирида (МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши), 2019 йил 14 июнда (Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференциянинг бешинчи саммити) Тожикистонга давлат ташрифи билан борган эди.